ҚАНОТ

ҚАНОТ — 1) қўшин сафи, жанговар тартиб (ясол) ёки оператив тизилишнинг ўнг ёки чап қисмини ифодаловчи атама. Ўрта асрларда қорахонийлар қўшинининг ўнг Қаноти — ўнг, чап Қаноти — сўл, чингизийлар лашкарининг ўнг Қаноти — баранғар, чап Қаноти — жуванғар, темурийлар қўшинининг ўнг Қаноти — баранғар, ўнг қўл — маймана, чап Қаноти — жуванғар ва сўл қўл — майсара атамалари билан англашилган;

2) ўрта асрларда кўчманчи мўғуллар ва Чингизийлар даврида салтанатнинг 2 — ўнг ва чап қисми. 13-асрнинг 40-й. ларида Жўжи улуси икки Қга бўлинган. Ўнг Қанот Боту ва Шайбон (Дунайдан Иртиш ва Чулутгача)га тегишли ерлардан, чап Қанот эса Жўжининг тўнғич фарзанди Ўрдага тааллуқли ҳудудлар (ҳоз. Қозоғистоннинг жан. шарқи)дан иборат бўлган;

3) АҚШ ҳарбийҳаво кучларида етакчи ташкилий ва тактик ҳарбий қисм. Вазифаси ва қуролланишига мувофиқ, Қанот оғир бомбардимончи, ўрта бомбардимончи, ҳаво космик (ракета), айғоқчи (разведкачи) ва ёқилғи билан таъминловчи (заправкачи) турларга тақсимланади. Қанот штабқароргоҳ, 2—5 эскадрилья, аэродром хизмати гуруҳи ва моддийтехника таъминоти бўлинмаларидан ташкил топган. 2—3 Қ. авиадивизияни таркиб топтиради.