ҚАНОС

ҚАНОС (кўкрак) — меъморий қисм; пештоқ равоғининг тепасидаги туморсимон жуфт шакл. Қ. юқоридан горизонтал, ёнларидан вертикал ва пастдан равоқнинг эгри (линга) чизиқлари билан чегараланади. Равоқ лингасини чиқаришда ғиштлар радиал йўналишда, Қанос қисмида горизонтал қўйиб терилади. Қанос бино тарзларига диққатни тортиш, меъморий мужассамотга урғу беришга хизмат қилади.

9 — 12-асрларда Қаноснинг тепа бурчаклари аксари бўртиқ доира шакл билан, равоқнинг уч (чўққи)ларини ўзига хос тугун билан ажратиш усули қарор топган (Работи Малик карвонсаройи, Ўзган мақбараларининг пештоқларида), динамик квадратлар (катта квадрат ичига 45° да буриб киргизилган кичик квадратлар) ва равоқларнинг чўққиларида учбурчаклар (Исмоил Сомоний мақбарасида) қўлланган. Қанос сирти унинг шаклига мос наботий (мас, Кўҳна Урганчдаги Фахриддин Розий мақбарасиш) ва сиркор (Тиллакори мадраса бош пештоғида) нақшлар билан тўлдирилади; сиркор, наботий нақшларда ҳам банд (гул банд) лари 9—12-асрлардаги доираларни эслатувчи (гажаксимон) тарзда бажарилган. Баъзан Қанос ларда оҳу, шер, қуёш (Шердор мадраса бош пештоғида), қушсемурғ (Бухородаги Нодир Девонбеги мадрасаси Қ. да) тасвирлари ҳам қўлланган.