ҚАНЛИКЎЛ ТУМАНИ

ҚАНЛИКЎЛ ТУМАНИ — Қорақалпоғистон Республикасининг марказий қисмидаги туман. 1970 йил 7 дек. да Қўнғирот ва Шуманай туманларининг қисмларидан ташкил қилинган. Шим. ғарбдан Қўнғирот, шарқдан Кегейли, жан. шарқдан Нукус, жан. дан Шуманай туманлари билан чегарадош. Майд. 0,74-мингкм2. Аҳолиси 41,2 минг киши (2005). Туманда 1 шаҳарча (Қанликўл), 4 овул фуқаролари йиғини (Бескўпир, Косжоп, Наврўз, Қанликўл) бор. Маркази — Қанликўл шаҳарчаси.

Табиати. Туман ҳудуди серунум Қуйи Амударё текислигида, Амударёнинг чап соҳилида. Рельефи, асосан, пасттекислик. Амударёнинг қуриб қолган қадимий тармоқлари (Улдарё, Киндикўзак, Бегжап) ўрни сақланган. қадимий кўлларнинг ўрни — турли катталикдаги ботиқлар бор. Кўчма қумлар ҳам мавжуд (Арзимбетқум массиви). Амударё қадимий тармоқларининг қирғоқлари бўйлаб ер тагида турли катталикдаги бўшлиқлар — унгурлар учрайди. Улдарёнинг иккала қирғоғидаги баъзи унгурларнинг диаметри 5 м, чуқ. 3 м га етадй. Туман ҳудудидаги тўқай ва ўтлоқлар экин майдонига айлантирилган. Канал ва ариқлар ўтказилган. Қурилиш материалларидан гил ва қум бор. Иқлими кескин континентал. Янв. нинг ўртача т-раси — 7,1°, июлники 25,8. Энг юқори т-ра 44°, энг паст т-ра —30°. Вегетация даври 186 кун. Йилига 108 мм ёғин тушади. Асосан, баҳор ва қишда ёғади. Дарё бўйида пичанзор ва ўтлоқлар бор. Кичик кўллар мавжуд. Экин майдонлари Бегжап, М. Нурмуҳамедов номидаги, Шериўши, Қанликўл, Бозорбой ва бошқалар каналлар орқали суғорилади. Республика аҳамиятидаги магистрал каналлардан Суэнли, Киндикўзек, Қиятжарған, Ажинияз каналлари туман ҳудудидан ўтган. Тупроклари ўтлоқтақир, ўтлоқиботқоқ ва тақир тупроқлар. Тупроқни шўрланишдан сақлаш учун Олтинкўл коллектори, 58,8 км узунликдаги ички зовурлар ўтказилган. Ёввойи ўсимликлардан қамиш, чий, якан, бугдойиқ, ажриқ, бўян, янтоқ, юлғун, туранғил, жийда, тол ва бошқалар ўсади. Ҳайвонот дунёси хилмахил; ёввойи ҳайвонлардан: қобон, чиябўри, қуён, ондатра; қушлардан қирғовул, ўрдак, қўтон, чағалай; балиқлардан сазан, бакрабалиқ, лаққа, чўртан ва бошқалар бор.

Аҳолиси, асосан, қорақалпоқ ва ўзбеклар, шунингдек, қозоқ, туркман, корейс, татар, рус ва бошқалар миллат вакиллари ҳам яшайди. Аҳолининг ўртача зичлиги 1 км2 га 55,6 киши. Шаҳар аҳолиси 10,6 минг киши, қишлоқ аҳолиси 30,6 минг киши (2005).

Хўжалигининг асосий тармоқлари — пахтачилик ва шоличилик. Чорвачилик ривожланган. Пилла, мева, сабзавот, полиз маҳсулотлари ҳам етиштирилади. Туманда кичик ва хусусий корхоналар, жумладан, саноат, қурилиш корхоналари фаолият кўрсатмоқда. Шулардан йириклари: пахта тозалаш, ғишт здлари, автокорхона, 6 қурилиш корхонаси, МТП, шунингдек, савдо, маданий ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари бор. 1 қўшма корхона фаолият кўрсатади.

Жами экин майд. 20,2 минг га, шу жумладан, 5,4 минг га ерга пахта, 3 минг га ерга шоли, 500 га ерга полиз, 100 га ерга сабзавот, 8,1 минг га ерга озуқа экинлари экилади. Урмон хўжалиги (4,7 минг га) мавжуд. Лалмикор ерлар 32 минг га, бўз ерлар 141 га, кўп йиллик дарахтзорлар 141 га (шу жумладан, боғлар 127 га), токзорлар 13 га, тутзорлар 1 га, яйловлар 13,2 минг га ерни эгаллайди. 11 ширкат, 420 фермер хўжалиги, 7 фермер хўжаликлар уюшмаси фаолият кўрсатади. Фермер хўжаликларидан 361 таси ғаллачилик ва пахтачилик, 12таси чорвачилик билан шуғулланади. Туман жамоа ва шахсий хўжаликларида 14,9 минг қорамол (шу жумладан, 6,3 минг сигир), 15,2 минг қўй ва эчки, 11,9 минг парранда, 845 йилқи боқилади. 24 умумий таълим (9,2 минг ўқувчи), болалар мусиқа, спорт мактаблари, 3 касб-ҳунар коллежи (1,2 минг ўқувчи), 14 кутубхона (112,9 минг асар), маданият уйи, 2 қишлоқ маданият уйи, 3 клуб муассасаси бор. Стадион, теннис, футбол майдончалари ва бошқалар спорт иншоотлари мавжуд. Туман марказий касалхонаси, қишлоқ касалхонаси, поликлиника, 4 қишлоқ врачлик амбулаторияси, 4 қишлоқ врачлик пункти, 11 фельдшеракушерлик пункти. стоматология поликлиникаси, 5 дорихона ва бошқалар тиббий муассасаларда 59 врач (ҳар 10 минг аҳолига 14,3 врач) ва 502 ўрта тиббий ходим ишлайди. Қанликўл тумани ҳудудидан республика аҳамиятидаги Тошкент — Нукус т. й. ўтган. 110 км дан зиёд автомобиль йўллари бор. Туман маркази (Қанликўл)дан Нукус, Қўнғирот, Кегейли, Шуманай шаҳриларига автобуслар ва маршрутли таксилар қатнови йўлга қўйилган.