ҚАНДОЛАТЧИЛИК

ҚАНДОЛАТЧИЛИК, ширапазлик — ҳунармандчиликнинг маҳаллий шакарпазлик маҳсулотлари, маҳаллий ширинликлар, қандқурслар тайёрланадиган соҳаси. Шарқ мамлакатларида қадимдан ривож топиб, айниқса, ўрта асрларда кенг тарқалган. Урта Осиёнинг Бухоро, Самарқанд, Хива, Тошҳовуз, Хўжанд, Қўқон, Чимкент, Тошкент сингари йирик шаҳарларида қандолатчилар шинни, асал, турли меваларнинг шираларидан, шунингдек, ун, кунжут, ўрик, бодом мағизи, ёнғоқ ва бошқалардан фойдаланиб, турлитуман обаки, ҳолва, новвот, печак, пашмак, парварда, нишолда, мурабболар, атиргул гул баргларини шакар билан аралаштириб гулқанд, муз билан шинни ёки мева шарбатини қўшиб музқаймоқлар тайёрлаганлар. Шаҳарларда, йирик қишлоқ бозорларида Қандолатчилик расталари бўлган. Қандолатчилар 4—5, баъзан 10—12 кишилик устахоналарга уюшган, уларнинг дўконлари, асосан, хонадонларда ҳовлининг бир қисмини ташкил этган. Қандолатчиларнинг асбоблари чўян ва мис қозонлар, мис товоқтоғора, ёғоч қоргич, чилчўп, тарози кабилардан иборат бўлиб, каттакичик ўчоқлар, узум шираси олинадиган махсус қурилмалардан фойдаланганлар.

20-асрнинг 20-й. ларидан Қандолатчилик маҳсулотлари (конфет, шоколад, монпасье ва бошқалар) ишлаб чиқарадиган йирик фкалар пайдо бўлиши билан (мас, Тошкентда 1922 йилда «Ўртоқ» қандолатчилик ф-каси ишга туширилди). Қандолатчиликнинг ҳунармандчиликда касб сифатида фаолият соҳаси бир кадар қисқарди, аммо шунга қарамай саноат усулида ишлаб чиқариш мумкин бўлмаган ёки рентабелли бўлмаган ширинликлар турларини ишлаб чиқариш сақланиб қолди ва ривожланди. 90-й. лар бошидан шаҳар ва қишлоқларда Қандолатчиликда якка тадбиркорлар ва хусусий корхоналар фаолият қўрсата бошлади, Қ маҳсулотларининг тур таркиби ва бозорда сотилиши миқдори кўпайди. Ҳоз. даврда Қда шакарли маҳсулотлар билан бирга ундан тайёрланадиган маҳсулотлар (печенье, вафли, торт, кекс, пирожний ва бошқалар)нинг кўп турлари ишлаб чикарилади.

Умид Аҳроров.