ҚАНДЛИ ДИАБЕТ

ҚАНДЛИ ДИАБЕТ, қанд касаллиги — организмда инсулин танқислиги ва моддалар алмашинуви бузилиши натижасида келиб чиқадиган касаллик. Қанд касаллиги шарқ халқ табобат тарихида жуда қадимдан маълум. Абу Али ибн Сино бу дардга алоҳида эътибор беради. «Сув қандай ичилган бўлса, шу ҳолда чиқади», деб ёзади у. Беморнинг кўп сув ичиши бошқа касалликларни ҳам келтириб чиқаради ва бемор жуда озиб кетади. Даволарга тўхтаб табиб: «Беморга совуқ мизожли суюқликлар ичир, совуқжомга сол, нордон айрон ичир, мевалар бер, ялпиз дамлаб ичир, яъни беморни ҳўлла, совут», дейди. Бу — касаллик одам баданида иссиқликнинг ошиб кетиши туфайли пайдо бўлишини билдиради. Қанд касаллиги тарихий тиббий манбаларга кўра, наслий бўлиши ҳам мумкин. Қандли диабетда қонда қанд моддаси кескин кўпайиб, сийдик билан чикиб туради (таркибида қанд моддаси бўлади), ташналик, озиб кетиш, қувватсизлик, бадан қичишиши ва бошқалар аломатлар кузатилади.

Касалликнинг ирсий ёки ҳаётда орттирилган, шунингдек, инсулинга боғлиқ (диабетнинг 1тури) ва инсулинга боғлиқ бўлмаган (диабетнинг 2тури) тури фарқ қилинади.

Диабетнинг 1тури кўпинча ўсмирлик ёшида учрайди. Бунда бемор организмида меъда ости бези ҳужайралари инсулин ишлаб чиқара олмайди ва уларни даволашда қанд миқдорини пасайтириш мақсадида инсулин препаратлари қўлланади.

Қандли диабетнинг 2турида меъда ости бези оролча ҳужайраларидан инсулин ишлаб чиқариш сақланиб қолади, бунда қон таркибидаги инсулин миқдори меъёрида ёки ундан сал юқорироқ бўлади.

Бироқ, тўқималарнинг инсулинга нисбатан сезгирлиги кескин пасайиши туфайли тўқималар томонидан глюкозани ўзлаштириш ҳамда фойдаланиш камаяди ва у қон таркибида тўпланиб қолади, натижада қонда қанд кўпайиб, сийдик билан чиқиб туради, бемор жуда семириб кетади. Диабетнинг бу тури билан, асосан, ўрта ва кекса ёшдагилар касалланадилар. Касаллик аста-секин, зимдан ривожланади, у бошланишида оғиз қуриши, чанқаш, озиш каби аломатлар яққол билинмайди. Беморни кўпроқ ҳолсизланиш, толиқиш, ташналик безовта қилади. Қон таркибидаги глюкоза миқдори юқори бўлишига қарамай, диабетнинг 2турида қон таркибида ацетон модцасининг ортиши ва унинг сийдикда пайдо бўлиши жуда кам кузатилади. Бундай беморлар инсулин қабул қилмай яшашлари мумкин. Уларга парҳез, жисмоний машқлар билан шуғулланиш, қанд миқдорини камайтирувчи дорилар қабул қилиш яхши наф беради.

Қандли диабет — бир умрлик касаллик, уни бутун ҳаёт давомида даволаш зарур. Тўлатўкис даволанмайдиган ва қон таркибидаги глюкоза миқдори узоқ вақт юқори сақланадиган беморларда Қандли диабетнинг томир асоратлари — диабетга хос ангиопатиялар (макро ва микроангиопатиялар) намоён бўлади.

Бу барча аъзоларнинг (тери, мускуллар, нерв ва ҳ. к.) капиллярларини шикастлайди. Диабетга хос микроангиопатиялар буйрак, кўз, оёқ ва бошқалар аъзоларда кўпроқ ва эртароқ кузатилади.

Қандли диабет атерослерознинг ривожланиши, ўз навбатида, юракнинг ишемик касаллиги (стенокардия, миокард инфаркти), мияда қон айланишининг бузилиши (бош айланиши, мия инсульти) ва ҳ. к. га олиб келади.

Қандли диабетнинг ҳар иккала турида ҳам даволашдан асосий мақсад иложи борича қондаги қанд миқдорини соғлом кишилардаги кўрсаткичга яқинлаштириш, яъни компенсация ҳолатига эришишдир. Қондаги қанд миқдорини меъёрида сақлаб туришнинг асосий йўли қондаги глюкозани иложи борича тезтез аниклаш; бундай назорат Қандли диабетнинг инсулинга боғлиқ 1турида жуда зарур. Уй шароитида мустақил ҳолда қондаги глюкоза миқдорини аниқлашда махсус реактив қоғозлардан фойдаланиш мумкин. Бунинг учун укол игна ёрдамида бармоқдан бир томчи қон реактив қоғозга олинади (қон қоғозни бир четидаги чизиқчаларга туширилади). Бир дақиқадан сўнг қоғоздаги қон пахта билан артиб ташланади ва яна бир дақиқа ўтгач, реактив қоғоз ранги шкала билан солиштирилади. Ранги энг яқин бўлган шкала кўрсаткичи шу қондаги глюкоза миқдорини ммол/л (мг%) да ифодалайди. Худди шундай усулда уй шароитида сийдикдаги қанд миқдорини ҳам беморларнинг ўзлари мустақил махсус реактив қоғозлар ёрдамида аниқлашлари мумкин. Агарда қонда ёки сийдикда глюкоза миқдори баланд бўлса, дарҳол тегишли даво муолажаларини амалга ошириш лозим. Булардан ташқари, беморлар тана вазнларини ҳам ҳафтада бир маротаба назорат қилишлари ҳамда уни ўз бўйи, ёши ва касбига мос бўлган меъёрда сақлаб туришлари керак.

Қандли диабетда даво ҳар бир беморнинг умумий аҳволи, касаллик аломатлари, қон, сийдик таҳлили ва бошқаларга қараб тайинланади, у босқичмабосқич олиб борилади. Даволаниш муддати касалликнинг оғиренгиллиги, ўтказиб юборилган ёки янгилиги ва турига боғлиқ.