ҚАНДАҲОР

ҚАНДАҲОР — Афғонистоннинг жан. қисмидаги шаҳар, Ҳиндукуш тоғларининг ғарбий этагида. Қандаҳор вилоятининг маъмурий маркази. Аҳолиси 339,2 минг киши (2003). Транспорт йўллари чорраҳаси. Аэропорти халқаро аҳамиятига эга. Мамлакат жан. ва ғарбидаги муҳим боғдорчилик ва чорвачилик р-нининг савдо маркази. Гилам, қоракўл тери, кўн ва ҳ. к. билан савдо қилинади. Тўқимачидик ф-каси, озиқ-овқат саноати корхоналари мавжуд. Ҳунармандчилик ривожланган.

Қандаҳор — қадимий шаҳар. 12—13-асрлардайирик савдо маркази бўлган. 13-асрда мўғуллар босиб олган. 14-аср охиридан Амир Темур ва Темурийлар салтанати қўл остида бўлган. 16—17-асрларда Қни эгаллаш учун Эрон шоҳлари сулоласи Сафавийлар билан Бобурийлар ўртасида кураш бўлган. 17-аср ўрталаридан Сафавийлар қўл остига ўтган. 1709 йилда Қандаҳор аҳолиси Сафавийларга қарши қўзғолон кўтариши оқибатида Қандаҳорда Гилзой ҳокимлиги вужудга келди. 1738 йилда Қандаҳорни Эрон шоҳи Нодиршоҳ Афшор босиб олиб вайрон қилган. Кейинроқ сал нарироқда шаҳар бунёд қилиб Нодиршоҳ деб атаган. Бузилган шаҳарни Аҳмадшоҳ Дурроний қайта тиклаб Аҳмадшоҳ деб атаган ва 1773—74 йилларда Дурронийлар давлати пойтахти бўлган. 1818—55 йилларда Қандаҳор ҳокимлигининг маркази. 1855 йилда шаҳарни афғон амири Дўстмуҳаммадхон эгаллаган ва Афғон давлати таркибига киритган.

Меъморий ёдгорликлардан Аҳмадшоҳ мақбараси ва бошқалар 18-асрга оид ёдгорликлар сақланган.