ҚАНД-ШАКАР САНОАТИ

ҚАНД-ШАКАР САНОАТИ — озиқовқат саноати тармоғи, қанд лавлагидан оқ шакар ва шакардан кесма оқ қаНд ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналарни қамрайди. Тропик минтақалар ва субтропиклардаги мамлакатларда шакар ва қанд шакарқамишдан олинади. Қандшакарни аҳоли кўп истеъмол қилади ва озиқ-овқат саноатининг бир қатор тармоқларида кенг қўлланади.

Шакарқамишдан шакар олиш жуда қадимдан маълум бўлган. 16-асрда Ҳиндистонда саноат йўли билан шакарқамишдан шакар ишлаб чиқарила бошлаган. 18-аср охирида Россия ва Германияда қанд лавлагидан шакар олиш технологияси яратилди. 20-аср охирига келиб жаҳон миқёсида ишлаб чиқариладиган (1999 йилда 133 млн. т) хом (сариқ) шакарнинг 55% шакарқамишдан, қолгани лавлагидан олинади.

Ўзбекистонда 20-аср бошларига қадар қанд четдан келтирилган хом ашёдан ҳунармадқандолатчилар томонидан ишлаб чиқарилган («каллақанд»).

19-асрнинг 2-ярмида Россия империяси Ўрта Осиёни босиб олганидан кейин 1893 йилда Россия Ҳарбий академиясининг проф., инженер — полковник В. М. Иванов Тошкент вилоятида шакар з-ди қуриш мақсадида «Туркистон қишлоқ хўжалигисаноат ширкати»ни тузди ва Эски Қовунчи қишлоғи (ҳоз. Янгийўл шаҳри) атрофидан 200 га ер олиб, мевали дарахтлар, пахта ва сабзавотлар экиб, ҳосилдан олинган даромадга шакар з-ди қуришни режалаштирди. Қанд лавлаги етиштиришни маҳаллий аҳолига ўргатиш учун Украинадан 100 га яқин лавлагикорлар, Фарғона водийсидан 50 га яқин сувчилар жалб этилди. 1903 йил германиялик мутахассислар ёрдамида Туркистон ўлкасида ягона бўлган бу шакар з-дида илк маротаба оқ шакар олишга эришилди. 2-жаҳон уруши йилларида Ўзбекистонга Украинадан 3 та шакар з-ди кўчириб келтирилди ва Самарқанд (Каттақўрғон, Зирабулоқ), Фарғона вилоятларига (Қўқон) ўрнатилди. Бу 4 зд (Янгийўл з-ди билан) ҳар йили 200 минг т га яқин шакар ишлаб чиқариб, собиқ Иттифоқ аҳолиси ва ҳаракатдаги армия қисмларини шакар билан таъминлаб турди. Ўзбекистонда пахта яккаҳокимлиги туфайли шакар ишлаб чиқариш пасайиб, 1954—55 йилларда 4 марта камайди (50 минг т), Марказ қарори билан Ўзбекистондаги шакар здларининг барчаси Украинага кўчириб олиб кетилди.

Ўзбекистон Республикасида шакар муаммосини қисман ҳал этиш учун 1993 йилда Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан шакарни республиканинг ўзида етиштирилган хом ашё — қанд лавлагидан олиш мақсадида Туркия мутахассислари билан ҳамкорликда Хоразм вилоятининг Ҳазорасп шаҳрида Хоразм шакар з-дини қуриш ишлари бошланди. Корхона 1995 йилда ишга туширилди. Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистонда қанд лавлаги етиштириш йўлга қўйилди (лойиҳа қуввати 1 суткада 3 минг т қанд лавлагини қайта ишлаб, 300 тонна шакар ишлаб чиқаришга мўлжалланган).

Чет элларда Қанд-шакар саноатида шакарқамишдан шакар ишлаб чиқариш АҚШ, Куба, Ҳиндистон, Бразилияда, қанд лавлагидан шакар ишлаб чиқариш Украина, Россия, Франция, Германияда, Болтиқбўйи мамлакатларида ривожланган, Қозоғистон, Қирғизистонда ҳам бу тармоқ корхоналари ишлайди.

Ад.: Маркович П. Я., Возникновение свеклосахарного проммшленности в Туркестанском крае. Условия сахарного свекловодство в Ташкентском оазисе. Санкт-Петербург, 1906; Бияшов Г. З., Культурасахарной свеклм в Казахстане. АлмаАта, 1949.

Тоҳир Абдуллаев, Васила Абдуллаева.