ҚАМАШИ

ҚАМАШИ — Қашқадарё вилоятидаги шаҳар (1978 йилдан). Қамаши тумани маркази (1974 йил 23 дек. гача Қамаши қишлоғи). Т. й. станцияси. Қамашидан Карши шаҳригача 63 км. Маҳаллий маълумотлар бўйича Қ номи ўзбекқўнғирот уруғининг қамайчи тармоғи номидан олинган. Аҳолиси 34 минг киши (2005). Қамашида пахта тозалаш з-ди, кўрпа пахта ф-каси, қурилиш материаллари к-ти ва бошқалар қурилиш ташкилотлари, МТП, 2 автокорхона, «Микрон» фирмаси (макарон ишлаб чиқаради), терини қайта ишлаш корхонаси, момиқ ф-каси, ишлаб турибди. Кичик, ўрта бизнес ва йирик корхоналар, микрофирмалар фаолият кўрсатади. Қўшма корхоналар мавжуд. 2 лицей, 32 касб-ҳунар коллежи, 5 умумий таълим мактаби, болалар мусиқа ва спорт мактаблари, туман марказий кутубхонаси, клуб муассасалари, маданият уйи бор. Туман марказий касалхонаси, поликлиника, туғруқхона, дорихоналар ва тиббий муассасалар аҳолига хизмат кўрсатади. Қамашидан вилоят маркази (Қарши шаҳри) гача автобуслар ва маршрутли таксилар қатнайди.