ҚАМАШИ ТУМАНИ

ҚАМАШИ ТУМАНИ — Қашқадарё вилоятидаги туман, 1937 йил 29 сентябрда ташкил этилган. 1962 йил 24 дек. да Қарши туманига қўшилган. 1964 йил 31 дек. да яна қайтадан ташкил этилган. Шим. дан Чироқчи, Яккабог, Шаҳрисабз туманлари, ғарбдан Косон тумани, жан. дан Ғузор, Деҳқонобод туманлари, шарқдан Сурхондарё вилоятининг Бойсун тумани билан чегарадош. Майд. 2,66 минг км2. Аҳолиси 191,4 минг киши (2005). Туманда 11 қишлоқ фуқаролари йиғини (Ёртепа, Жонбузсой, Кўкбулоқ, Лайлаксой, Оқравот, Тўқбой, Чим, Қамай, Қизилтепа, Корабоғ, Қоратепа) бор. Маркази — Қамаши шаҳри Табиати. Туман ҳудуди ғарбдан шарққа 150 км, шим. дан жан. га 40—45 км га чўзилган. Ҳудудининг ғарбий қисми рельефи, асосан, текисликдан иборат. Умумий майдонининг ‘/4 қисмини Қарши дашти эгаллаган. Туман рельефи шарққа томон кўтарила боради, текисликлар, қирадирлар, сўнгра паст ва баландроқ тоғлар алмашиниб келади. Ҳисор тизмасининг жан. ғарбий тармоқдаридан бўлган Чақчар тоғи вилоятдаги энг баланд тоғ бўлиб (Катта Хуросон, асли Катта Харсанг чўққиси, 3749 м), Қашқадарё ҳавзасини Сурхондарё ҳавзасидан ажратиб туради. Туманда қазилма бойликлардан — турли хил қурилиш материаллари мавжуд. Қашқадарё (туманнинг энг ғарбий текислик қисмида 30 км масофада оқиб ўтади) ва унинг ирмоғи Лангар асосий сув манбаларидир. Қашқадарё ҳавзасига кирувчи Яккабоғдарё ва Ғузордарёнинг юқори қисмлари (Қизилдарё, Тирнасой, Катта Урадарё) ҳам туман ҳудудидан сув олади. Қашқадарё вилоятидаги энг йирик Чимқўртн сув омбори туман ҳудудида жойлашган. Хўжаликларни сув билан таъминловчи ариқ ва каналлар (Чим, Жанбуз, Таёқли, Сағанак кабилар) шу сув омборидан бошланади. Иқлими континентал. Ўртача йиллик т-ра 7,2°. Янв. ойининг ўртача т-раси —4,6°, июлники 20,1°. Вегетация даври текислик қисмида 240 кун, тоғли қисмларида 200 кун. Йиллик ёғин 327 мм дан (текисликда) 612 мм гача (тоғлик қисмида). Тупроқлари ҳам текисликдан тоғларга томон ўзгариб боради: типик бўз тупроқ, қўнғир бўз тупроқ, қумоқ бўз тупроқ; дарё водийларида ўтлоқи тупроқлар тарқалган.

Турли хил эфемероидлар — қўнғирбош, ялтирбош, нўхатак, лолақизғалдоқ, шунингдек, коврак, буғдойиқ, оққурай, қорамурч, янтоқ, қизилмия, юлғун, тол, арча, заранг, писта, бодом, дўлана, итбурун, қатранғи, ёввойи олча, ёнғоқ ва бошқалар ўсади. Тулки, қуён, қобон, тоғ айиғи, кийик, бўрсиқ, жайра, каламуш, сичқон, турли хил заҳарли илонлар, эчкемар, калтакесак; паррандалардан каклик, каптар, чил, сўфитўрғай, зарғалдоқ, чумчуқ, чуғурчиқ, бедана, лочин, бургут, қирғовул ва бошқалар бор.

Аҳолиси, асосан, ўзбеклар, шунингдек, тожик, рус, татар ва бошқалар миллат вакиллари ҳам яшайди. Аҳолининг ўртача зичлиги 1 км2 га 72 киши. Шаҳар аҳолиси 33,6 минг киши, қишлоқ аҳолиси 157,8 минг киши (2005).

Хўжалиги. Туманда 3,5 мингга яқин корхона, жумладан саноат, қурилиш, савдо ва умумий овқатланиш, маиший хизмат кўрсатиш ва ҳ. к. фаолият кўрсатмоқда. Пахта тозалаш, ғишт здлари, МТП, қурилиш ташкилотлари, автокорхоналар, кичик, ўрта бизнес ва йирик корхоналар, микрофирмалар бор. 3 та қўшма корхона ишлаб турибди. Қамаши тумани, асосан, пахтачилик ва ғаллачиликка ихтисослашган. Тоғли ҳудудларда баҳорикор ғаллачилик (буғдой, арпа) ривожланган. Пиллачилик билан ҳам шуғулланилади. Чорвачиликнинг муҳим соҳаси қорамолчилик (асосан, суғориладиган зонада), қўйчилик (тоғ зонасида) ҳисобланади. Туманда ширкат. деҳқон, фермер хўжаликлари ва бошқалар қишлоқ хўжалик корхоналари бор. Экин майдонларининг 9,8 минг га ерига пахта, 25,6 минг га ерига ғалла, шунингдек, сабзавот ва картошка, емхашак экинлари экилади. Туман жамоа ва шахсий хўжаликларида 61,4 мингга яқин қорамол, 110,3 мингдан зиёд қўй ва эчки, 130,2 мингдан зиёд парранда, 3,4 мингга яқин йилқи боқилади.

85 умумий таълим мактаби (52,5 минг ўқувчи), 2 лицей ва ихтисослашган мактаб, болалар мусиқа мактаблари, меҳрибонлик уйи, 4 касб-ҳунар коллежи (3,2 минг талаба), марказий кутубхона, 12 клуб муассасалари, маданият уйлари бор. «Эгачим» фольклор этнографик, «Қирғалдоқ» болалар этнографик, «Мингбарг», «Бўйрачи», «Бўстон», «Маҳаллада дувдув гап» ашула ва рақс ансамбллари фаолият кўрсатади. Туман марказий касалхонаси, туғруқхона, поликлиника, амбулатория, 12 қишлоқ врачлик пункти, 35 фельдшер акушерлик пунктида 257 врач, 1637 ўрта тиббий ходим аҳолига хизмат кўрсатади. Туман ҳудудидан Қарши — Китоб т. й., Катта Ўзбекистон тракти ўтади. Қамаши шаҳридан Қарши шаҳри ва бошқалар туманлар марказларига автобуслар қатнови йўлга қўйилган. 1941 йил 16 июндан «Қамаши ҳақиқати» газ. чоп этилади.