ҚАЛҚОНТУМШУҚ ИЛОНЛАР

ҚАЛҚОНТУМШУҚ ИЛОНЛАР, бўшилонлар — шақилдоқ илонлар оиласига мансуб илонлар уруғи. Уз. 1,6 м гача. Ранги ола, бошининг олдинги учидаги айрим қалқонлари кенгайган (номи шундан). 14 тури (жумладан, 10 таси Осиёда, қолганлари Шим. ва Марказий Америкада) тарқалган. Ўзбекистонда оддий Қалқонтумшуқ илонлар (бўшилон), асосан, тоғ олди ва тоғли ҳудудларда учрайди. Бақалар, кемирувчилар, калтакесаклар, умуртқасиз ҳайвонлар билан озиқланади. Тухумдан 2 дан 12 тагача бола туғади. Заҳарли, чаққанда оғриқ пайдо бўлади. Заҳаридан тиббиётда фойдаланилади. Айрим мамлакатларда Қалқонтумшуқ илонлар истеъмол қилинади.