ҚАЛҚОН, сипар — 1) жангчининг танасини тиғли қуроллар (қилич, найза ва бошқалар) зарбидан ҳимоя қилувчи мослама. Тош давридан бошлаб 17-асргача амалиётда қўлланилган. Энг қадимги Қалқонлар ёғоч, тўқилган чивиқ, қўға, тери, кейинчалик эса жез ва темирдан ясалган. Қалқон шакли ва каттакичиклиги турли халкларда турлича (юмалоқ, учбурчак, тўртбурчак, тухумсимон, ярим цилиндрик ва бошқалар) бўлган. Мил. ав. 3-минг йилликда Месопотамияда усти мис пластинкалар билан қопланган ёғоч Қ. лар қўлланилган. Жездан қилинган биринчи Қалқон мил. ав. 2-минг йилликда Оссурияда вужудга келган. Кўпинча, Қалқонлар турли расм, рамз, герб ва бошқалар тасвири билан безатилган. Мас, Урарту подшоларининг Қалқон лари турли манзарали тасвирлар ва миххат билан қопланган. Юнонистонда ёғочдан (баъзан темирдан) ишланган думалоқ Қалқон ларда жангчиларнинг рамзлари (дельфин, шер ва бошқалар) тасвирланган. Ўрта Осиё халқларида ҳам Қалқон қадимдан қўлланилиб келган. Атама илк бор 11 —12-асрлар қорахонийлар даври эски туркий тил обидаларида Қалқон ва қалқанг фонетик шаклларида қайд этилади. Паҳлавонлар, саркардалар Қалқони қимматбаҳо тошлар билан зийнатланган. Амир Темур ва Темурийлар даврида одам бўйига мос келувчи Қалқонлар мавжуд бўлган, улар тура деб номланган. Улар каттакичиклиги, турли шаклдалиги билан ажралиб турган. Қалқон 16—17-асрларда ўтсочар қуролларнинг такомиллашуви билан ўз аҳамиятини йўқотган. Ҳозирда дунёнинг кўп мамлакатларда полициячиларнинг ҳимоя қуроли;
2) кўчма маънода — офат, бало, кўнгилсиз ҳодисалар ва бошқалардан сакловчи восита; тўсиқ, ғов.