ҚАЛМОҒИСТОН

ҚАЛМОҒИСТОН, Қалмоғистон Республикаси (Хальмг-Тангч) — Россия Федерацияси таркибидаги республика. Россия Европа қисмининг жан. да жойлашган. Майд. 76,1 минг км2. Аҳолиси 292,4 минг киши (2002). Пойтахти — Элиста шаҳри Маъмурий жиҳатдан 13 туман, 3 шаҳар, 6 шаҳарчага бўлинади.

Давлат тузуми. Қ — республика. Республика бошлиғи — президент. Қонун чиқарувчи ҳокимиятни Халқ Хурали (парламент), ижрочи ҳокимиятни раис бошчилигидаги ҳукумат амалга оширади.

Табиати. Қ. Каспийбўйи пасттекислигининг ғарбий қисми, Ергени қири (энг баланд жойи 222 м, республика ҳудудидаги энг баланд нуқта)нинг катта қисми ва КумаМанич ботиғини эгаллаган. Жанубий шарқда Каспий денгизи билан туташ. Фойдали қазилмалардан газ, нефть, тошкўмир, туз, турли бинокорлик материаллари бор. Иқлими кескин континентал, ёзи иссиқ, қуруқ ва қиши совуқ, кам қорли. Ўртача т-ра янв. да —5° дан —8° гача, июлда 23— 26°. Ўртача йиллик *ёғин жан. шарқда 170—200 мм, шим. ғарбда 300—400 мм. Ер усти сувлари кам. Каспийбўйи пасттекислиги ва КумаМанич ботиғида саёз шўр кўллар (Сарпа, Состин, МаничГудило ва бошқалар) бор. Каспий денгизи соҳили ботқоқли қамишзор. Тупроқлари, асосан, оч жигарранг қумоқ ва қўнғир қумоқ тупроқ. Шим. қисми бетагачалов ва шувоқбетага ўсадиган чўл; жан. шарқий қисми бошоқли ва шувоқ ўсимликлари ўсадиган чала чўл ҳамда шувоқли чўл. Пастликларда қамиш, ўтлоқ ўсимликлари, Ергени қирида тол, қайрағоч, тоғтерак ўсади. Ҳайвонлардан малла қуён, кемирувчилар, бўри, тулки, сассиқкўзан, сайғоқ, қушлардан чўл бургути, тўрғай, тўхтатувалоқ бор; кўл ва дарёларида балиқлар учрайди. Қ ҳудудида Қора ерлар табиий қўриқхонаси мавжуд.

Аҳолиси. Қалмоқлар республиканинг туб жой аҳолисидир. Шунингдек, рус, дарғин, чечен, қозоқ, немис, украин, авар ва бошқалар яшайди. Давлат тиллари — қалмоқ ва рус тиллари. Шаҳар аҳолиси 39,8%. Диндорларнинг аксарияти буддавийликка эътиқод қилади; православлар ҳам бор. Шаҳарлари: Элиста, Городовиковск, Лагань.

Тарихи. Қалмоғистон ҳудудида одам неолит давридан яшаб келади. 11-асрда Қ қипчоқлар ҳудудининг бир қисми бўлган. 13-аср 40-й. ларида Олтин Ўрда таркибига қўшиб олинган. 15-аср нинг 60-й. ларида Олтин Ўрданинг парчаланиши натижасида Аштархон хонлиги таркибига кирган. 1556 йил Қ. бу хонлик билан бирга Россияга қўшиб олинди. 17-асрда аввал Жунғарияда яшаган, асли Марказий Осиёдан келган кўчманчи чорвадор қалмоқлар Дон ва Волга дарёларининг қуйи оқимидаги ерларга кўчиб ўтдилар ва 17-асрнинг 2-ярмида Қалмоқ хонлигини барпо этдилар. 1608—09 йиллардан бошлаб 17—18-асрлар давомида барча улуслар Россия империяси таркибига кирди. 1771 йил қалмоқларнинг бир қисми Хитойга кўчиб кетди. 1771 йил октябрда Қалмоқ хонлиги барҳам топди. Қолган қалмоқ оилалари Астрахон губерния бошқармаси қарамоғига ўтди. 18-асрнинг 2-ярмида қалмоқларнинг бир қисми Урал, Терек, Кума дарёлари бўйларига кўчирилди. Қалмоқ халқининг маъмурийҳудудий жиҳатдан бўлиб ташланиши уларнинг миллий жипслашувига ғов бўлди. Россиядаги инқилобий ҳаракат таъсирида Қ меҳнаткашлари мустамлакачилик зулмига қарши кураш йўлига ўтдилар. 1905 — 09 йилларда бир қанча улусларда халқ ғалаёнлари бўлиб ўтди, лекин улар шафқатсиз бостирилди. 1918 йил фев. — мартда Қалмоғистонда совет ҳокимияти ўрнатилди. 1920 йил 4 нояб. да РСФСР таркибида Қалмоғистон мухтор вилояти ташкил этилди (1927 йилгача маркази Астрахон шаҳри бўлган). 1935 йил октябрда Қалмоғистон мухтор вилояти мухтор республикага айлантирилди. 2-жаҳон уруши йиллари Қалмоғистон ҳудудининг анча қисми немис фашист босқинчилари томонидан босиб олинди (1942 йил дек. — 1943 йил янв.). 1943 йил дек. да Қ мухтор республикаси тугатилди, аҳолиси мажбурлаб ўз ҳудудларидан мамлакатнинг шарқий р-нларига кўчирилди. 1957 йил янв. да қалмоқлар мухторияти тикланди ва Қ мухтор вилояти тузилди. 1958 йил 29 июлда Қалмоғистон мухтор республикасига айлантирилди. 1990 йил октябрда республика Олий Кенгаши Қалмоғистоннинг давлат суверенитети тўғрисида декларация қабул қилди. 1991 йил сентябрда президент лавозими жорий этилди. 1992 йил фев. дан Қ. Республикаси (ХальмгТангч) деб атала бошлади. Хўжалиги. 1990-й. ларнинг охири — 2000-й. ларнинг бошларида ялпи маҳсулотда саноат улуши 25%, қурилишники 5,9%, транспортники 2,1%, савдоники 5,6% ни ташкил этди. Барча корхоналарнинг 78% хусусий, 6,6% давлатга, қолганлари мулкчиликнинг бошқа турларига қарашлидир.

Саноатининг асосий тармоқлари: ёқилғи (саноат ишлаб чиқариш умумий ҳажмининг 48,4%), электр энергетика (28,3%), бинокорлик материаллари саноати (7,7%), озиқ-овқат (5,7%), унёрма ва омухта ем (3,9%), машинасозлик ва металлсозлик (2,3%), енгил (0,6%), ўрмон, ёғочсозлик ва целлюлозаёғоч (0,4%). Табиий газ, нефть, бинокорлик материаллари қазиб олинади. Элиста шаҳрида гўшт, бинокорлик материаллари кти, нон з-ди, енгил саноат корхонаси, Лагань шаҳрида гўштконсерва кти, машинасозлик з-ди (махсус кузовли автомобиль ва автоцистерна ишлаб чиқаради), темирбетон маҳсулотлари з-ди бор.

Қишлоқ хўжалиги ялпи маҳсулотнинг 63,6% чорвачиликка, 36,4% деҳқончиликка тўғри келади. Қалмоғистон ҳудудининг тахм. 4786,9 минг га дан фойдаланилади, ундан 16,8% ҳайдалади. Қалмоғистоннинг асосий тармоғи — чорвачилик (майин жунли қўйчилик ва гўшт чорвачилиги); чўчқачилик ва йилқичилик ҳам ривожланган. Деҳқончиликда, асосан, буғдой ва емхашак экинлари, шунингдек, картошка, сабзавот экилади.

Транспорти. Автомобиль йўллари уз. — 2280 км. Т. й. узунлиги —154 км. Элиста шаҳрида аэропорт бор.

Тиббий хизмати, маорифи, илмий ва маданий-маърифий муассасалари. 2000 йиллар бошида Қалмоғистонда 10 минг аҳолига 45 врач тўғри келди. «Лола» санаторийси ва санаторийпрофилакторий мавжуд. 250 умумий таълим мактабида 56 минг, 7 ўрта махсус ўқув юртида 4,5 минг ўқувчи, 1 олий уқув юрти (Қ. университети)да 5 минг талаба таълим олади. И. т. лар тарих, филол. ва иқтисодиёт инти, Қ гўшт чорвачилиги илмий текшириш институти, Қалмоғистон тажрибамелиорация ст-яси ва бошқалар илмий муассасаларда олиб борилади. Республикада 150 дан ортиқ кутубхона, ўлкашунослик музейи бор. Телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар қалмоқ ва рус тилларида олиб борилади. Элиста шаҳрида телемарказ ишлайди. Қалмоқ ва рус тилларида газ. нашр этилади.

Адабиёти. Қалмоқ бадиий адабиёти бой миллий фольклор асосида вужудга келди. Қалмокларнинг достон ва афсоналари, мақол ва маталлари, қўшиқ, эртак ва қаҳрамонлик эпоси — «Жангар» (15-аср) машҳур. 1648 йил ЗаяПандита (1599— 1662) томонидан қалмоқ ёзуви («аниқ хат») яратилгунга қадар қалмоқлар умуммўғул алфавитидан фойдаланганлар. Ёзувнинг пайдо бўлиши миллий адабиётнинг шаклланишига таъсир кўрсатди. 19-асрда эрксевар шоир Анчхон Жиргало шеърлари шуҳрат қозонди. 1920-й. ларда X. Кануков, Н. Манжиев, С. Каляев, В. Сусеев, X. СянБелгин, 1930й. ларда Б. Басангов, Г. Даван, Ц. Лежинов, К. Эренженов ва бошқалар адиблар самарали ижод қилдилар. 30—40-й. ларда адабиётга Л. Инжиев, М. Нармеев, Э. Когтеев, Б. Даржиев, А. Балакаев, Д. Кугультинов, Б. Мукебенов, Д. Шабалиев ва бошқалар ёзувчи ва шоирлар кириб келди. 50—70й. ларда ёзувчилар сафига В. Сангажиева, М. Хонинов, А. Бадмаев, А. Жимбиев, Т. Бембеевлар келиб қўшилди. Республикада болалар адабиёти, сатира ва юмор сезиларли муваффақиятга эришди.

Меъморлиги ва тасвирий санъати. Кўчманчи ва ярим кўчманчи чорвадор қалмоқларда 17—19-асрларда, асосан, таги панжарали, усти намат билан ёпилган, йиғмаажраладиган уй (гер)лар мавжуд эди. 17-асрдан бошлаб дастлаб ёғоч ёки наматдан, 18-аср охиридан ғишт ва тошдан монастирьхуруллар қурила бошлади. 1920 йилдан Қалмоғистон даги шаҳар ва қишлоқларда кўп қаватли турар жой, жамоат, маданиймаиший ва маъмурий бинолар қад кўтарди. Меъморлардан М. Пюрвеев, В. Телегин, Н. Бараев машҳур. Қалмоғистонда қадимдан амалийбезак санъатининг ҳар хил турлари мавжуд. Уйларнинг ёғоч қисмлари, мебель, рўзғор буюмлари ўймакорлик ва нақш билан безатилади. Чарм идиш, оёқ кийимларига босма нақш солинади. Кумуш буюмлар (соч тақинчоқлари, узук, зирак, камар ва бошқалар)га ўйиб нақш ишланади. 18—19-асрлар санъатига тибетмўғул анъаналарининг таъсири кучли бўлди (график Ф. Кальмик, ранг-тасвирчи А. Егоров). Кейинги йилларда рассомлик (И. Нусхаев, Л. Очиров, П. Емчигирова, Г. Рокчинский, К. Ольдаев), график (Б. Данильченко), ҳайкалтарошлик (Н. Санжиев) ривожланди.

Мусиқаси. Қалмоқ халқ қўшиқ (дун) лари бир овозли бўлиб, тарихий, маросим, лирик, ҳазил ва бошқалар айтимлардан иборат. Ут дун (узун куй)ларга бадиҳавийлик, бой нолақочиримлар, оҳангдор ритм хос. Ахр дун (қисқа қуй) лар дўмбира (ёки гармон) жўрлигида ижро этилади, аниқ ритм ва шаклга асосланган. «Жангар» достони бахши (жангарчи)лар томонидан речитатив услубида бўғиз овози билан ижро этилади. Халқ рақслари эркаклар томонидан жўшқин, аёллар томонидан майин ижро этилади. Мусиқа асбоблари: ятга, топшур, хур (торли ва камонли), бичкюр, бюря, ухрбюря (пуфлама), кенкерте, цанг, арамбру (зарбли), шунингдек, дўмбира ва гармон. 1920-й. лардан ҳаваскор мусиқа санъати, профессионал мусиқа (композиторлар М. Грачёв, П. Чонкушев ва бошқалар) ривожланди. Мусиқа арбобларидан В. Гаряева, В. Ильцаранова, У. Лижиева ва бошқалар машҳур. Республикада «Лола» ашула ва рақс ансамбли (1937), филармония (1939), Элистада мусиқа билим юрти (1960) фаолият кўрсатади.

Театри. 1926 йил Астрахонда қалмоқ драма мактаби ташкил этилган бўлиб, 1930 йил актёрлик, мусиқа ва хореография бўлимларига эга санъат техникумига айлантирилди. 1936 йил Элистада драма театри (1992 йилдан Қалмоқ мусиқали драма театри) ташкил этилди. 1950—70 йиллар бу театрда Р. Хубецова, Г. Хугаев, Г. Мамлин, М. Карим, Б. Басангов, С. Каляев, М. Шатров ва бошқаларнинг пьесалари қўйилди. Театр артистларидан М. Эренженов, Б. Бальбакова, Л. Александров ва бошқалар машҳур.