ҚАЛДИРҒОЧЛАР

ҚАЛДИРҒОЧЛАР — сайроқи чумчуқсимонлар оиласи. Уз. 10 — 23 см. Қанотлари узун ва ингичка; узоқ ва тез (27,5 м/сек. гача) учишга мослашган. Деярли фақат ҳашаротлар билан озиқланади. Оёқлари калта, ерда яхши юролмайди. Шунинг учун ерга фақат ин қуриш даврида материал йиғиш учун қўнади; ўлжасини ҳавода тутади; сув устида паст учиб, сув ичади ва чўмилади. Қнинг 20 уруғи ва 79 тури маълум. Арктика ва Антарктидадан ташқари барча ҳудудларда тарқалган. Ўзбекистонда 4 уруққа мансуб 6 тури (шаҳар қалдирғочи, тоғ қалдирғочи, қирғоқ қалдирғочи, кичик қалдирғоч, туяқалдирғоч, қишлоқ қалдирғочи) учрайди. Қишлоқ қаддирғочи республикамиздаги барча шаҳар ва қишлоқларда биноларнинг шифти остидаги тўсинларга ва деворига яримшарсимон уя қуради. Бунда сўлак билан аралаштирилган лойдан фойдаланади. Уясига 2—7 тага яқин тухум қўйиб, урғочиси ва эркаги навбат билан босади. Қалдирғочлар қон сўрувчи ҳашаротларни қириб, катта фойда келтиради.