ҚАЛАМПИРМУНЧОҚ

ҚАЛАМПИРМУНЧОҚ — миртадошлар оиласига мансуб ўсимликлар туркуми. Доим яшил эфир мойли дарахт (бал. 35 м гача) ёки бута. Тропик ва субтропикларда. айниқса, Шарқий Осиё ва Жанубий Америка ҳамда Африка ва Австралияда 700 (1000) га яқин тури маълум. Танасининг пастки қисми шохшаббасиз, барглари бутун (уз. 20 см), гуллари тўпгулга йиғилган. Тоғ ва водийлардаги муссонли ўрмонларда, Австралияда эвкалипт ўрмонларидаўсади. 30 га яқин тури (Танзания, Ҳиндистон, Шри Ланка, Индонезия, Бразилия ва бошқалар кўплаб тропик мамлакатларда) экилади. Қалампирмунчоқнинг кенг тарқалган тури хушбўй Қалампирмунчоқнинг ватани Молукка ороллари. Бўйи 10—12 м, барглари қайишсимон, қарамақарши жойлашган, гуллари майда, тўпгулга йиғилган, тожбарглари оқ ёки пушти. Меваси резаворсимон, бир уруғли, ранги қизил. Танасида хушбўй моддали безчалари бор. Қуритилган ғунчасидан эфир мойи олинади ва шода тақинчоқ тайёрланади, зиравор сифатида ишлатилади. Гули ва гул муртагидан олинадиган Қалампирмунчоқ мойи (17—20% мой ва 20% ошловчи модда) парфюмерия саноатида, тиббиётда, ликёр ва ванилин ишлаб чиқаришда қўлланилади. Айрим турлари ёғочи қурилишда ва дурадгорликда ишлатилади. Жаҳон бўйича 80% Қ. маҳсулотлари Занзибар о. ида етиштирилади.