ҚАЛЪАИ ҚАҲҚАҲА

ҚАЛЪАИ ҚАҲҚАҲА — Уструшона афшинлари қароргоҳи. Тожикистондаги Шаҳристонсой дарёсининг ғарбий соҳилида, ҳоз. Шаҳристон шаҳарчаси яқинида жойлашган. Умумий майдони тахм. 5 га, атрофи мудофаа девори билан ўралган. 8—10 м баландликдаги арк ва шаҳристон ҳудудидан иборат. Шаҳристон ҳудудида қоровул жангчилар учун мўлжалланган бино харобалари очилган. Аркда сарой қолдиқлари топилган. Саройнинг катта марказий зали (18×12 м) да ҳукмдор тахти жойлашган. «Кичик зал» — ибодатхона, шунингдек, турар жойлар, хўжалик иншоотлари, аслаҳахона харобалари очилган. Сарой биноси деворий расмлар, ёғоч устунлари ва шиплари нақшлар билан безатилган. Марказий деворидаги 6 м ли расм композициясида инсон боласини эмизаётган она бўри акс этган. «Кичик зал» девори ҳам бой безатилган. Унда бир гуруҳ суворийлар жанг кийимларида найза, туғлар кўтариб турли тусдаги отларни чоптириб кетишмоқда. 3 бошли ва 4 қўлли маъбуд ва 3 кўзли ёвуз дев ва ҳайвонлар акс этган. Одамлар ва қушларнинг ҳайкалчалари топилган.