ҚАДИМГИ ҲИНД ТИЛИ

ҚАДИМГИ ҲИНД ТИЛИ — мил. ав. 2-минг йиллик ўрталарида Шим.

Ғарбий Ҳиндистонга бостириб кирган қадимий орийлар тили; Ҳиндистон ярим оролининг шим. ва марказий қисмларида тарқалган. Қадимги ҳинд тили ҳиндевропа тилларининг дастлабки, илк вакилларидан ҳисобланиб, қадимий эроний тиллар (авесто тили, қадимий форс тили)га яқин қариндош бўлиб, улар билан биргаликда орий тиллар бирлигини ташкил этади. Ҳиндистон бўйлаб тарқалиш жараёнида Қадимги ҳинд тили субстрат тиллар (дравид тиллари, мунда тиллари)нинг бир қанча хусусиятларини ўзига сингдиради. Қадимги ҳинд тилида хронологик жиҳатдан ва лаҳжавий асосига кўра бир-биридан фарқланувчи 2 та тил мавжуд — Ҳиндистоннинг шим. ғарбида веда тили ва шим. марказий қисмида санскрит. Пракритлар (ўрта ҳинд тиллари) билан бўлган алоқалар, бир томондан, Қадимги ҳинд тилида кўплаб пракритизмларнинг пайдо бўлишига, иккинчи томондан, санскритнинг сезиларли таъсири бўлган пракрит лаҳжалари асосида Қадимги ҳинд тилининг гибрид кўринишлари шаклланишига олиб келган. Орийларнинг Ҳиндистонга кириб келгунгача бўлган кўчиб юриш даври Ғарбий Осиёнинг қадимий халқлари тилларидаги кўплаб қадимий ҳинд атоқли отлари, маъбудларнинг номлари, йилқичилик атамаларида ўз аксини топган. Веда тили ва санскритдан ташқари яна бошқа қадимий ҳинд лаҳжалари ҳам бўлган, лекин улар тегишли матнларда сақланиб қолмаган. Улар аста-секин ривожлана бориб, бир қанча ўрта ҳинд тилларига асос бўлган.