ОЗОНОСФЕРА

ОЗОНОСФЕРА — Ер сиртидан 10 — 50 км баландликда жойлашган озонли атмосфера қатлами. Озон 20—25 км баландликдаги Озоносферада энг кўп тўпланади (қ. Озон). Озоносферада озоннинг ҳосил бўлиши ва унинг баландлик бўйича тарқалишини фотокимёвий назария тадқиқ қилади. Озон Қуёш радиациясини кучли ютади, шунинг учун Қуёш радиациясининг биологик жиҳатдан анча фаол қисми Ер сиртига етиб келмайди. Радиацияни ютиши натижасида Озоносфера қатламида т-ра анча кўтарилади. Озоносфера даги озонни текшириш учун ҳар хил баландликда олинган хаво намунаси тахлил қилинади,: Ер сиртидаги ёки зонд ва ракеталар ёрдамида атмосферага олиб чиқилган оптик асбоблар (спектрофотометр ва б.)дан фойдаланилади. Озоносфера маълумотлари Қуёш радиациясининг Ер атмосферасида ютилиш табиатни ўрганишда жуда муҳим.