ОБДУЗД

ОБДУЗД (форс, об — сув ва дузд — ўғри, талаш) — ўрта асрларда суғориш тармоқлари (шоҳариқ, анҳор, канал) дан навбатдан ташқари сувни яширинча боғлаб олиш. Сув манбаларининг этакларида жойлашган ерларда суғориш мавсумида шоҳариклардаги сувни қу-йига очиб юбориш ҳам Обдузд ҳисобланган. Обдуздлик, айниқса, Зарафшон водийсининг қуйи оқимида Қоракўл ва Олот туманларида кам сувлик мавсумларида тез-тез содир бўлган. Бухоро воҳасида июль ойининг охири ва авг. нинг бошида 5 кун давомида суғориш тармокларига боғлаб олинган сув «Оби талаш», яъни жанжалли сув деб юритилган. Чунки бу даврда сувга бўлган талаб ниҳоятда авж олиб, Обдуздлик кучайган.

Ад.: Муҳаммаджонов А., Қуйи Зарафшон водийсининг суғорилиш тарихи (Қадимги даврдан то XX аср бошларигача), Т., 1972.