ОЗОДИЙ

ОЗОДИЙ Давлатмамед (1700—1760) — туркман шоири ва маърифатпарвари. Маҳтумқулининг отаси. Туркман мумтоз адабиётининг йирик вакилларидан бири. Аввал эски мактабда, сўнгра Хива мадрасасида ўқиган, араб, форс тилларини ўрганган, кейинчалик шу мад-расада мударрислик қилган. У халқ оғзаки ижодини, Шарқ адабиётлари улуғ намояндалари асарларини чуқур ўрганган, улар таъсирида касида, ру-боий, ғазаллар ёзган. 6000 мисрали «Ваъзи Озод» номли йирик илмий ри-сола-достони (1753— 54) Озодий ижодида муҳим ўрин тутади. Асар маснавий усулда ёзилган бўлиб, 4 бобдан иборат. 1-қисмида мамлакатда тартиб ўрнатиш, 2-қисмида қалъа ва саройлар қуриш, 3-қисмида жамиятда фан ва маорифнинг ўрни, 4-қисмида камбағаллар ва дарвешлар тўғрисида фикр юритилган. Асарда туркман кабилаларини бирлаштириш, солиқларни камайтириш, каналлар ўтказиш, йўл ва кўприклар қуриш каби масалалар акс этган.