ОЙРОТЛАР

ОЙРОТЛАР (мўғулча — бирлик, иттифоқдош, яқинлик, қўшничилик, ўрмонзорда яшовчилар) — ғарбий мўғуллар таркибига кирган чўрос, дербет, хўшоут ва тарғаут каби 4 улус, яъни қабилалар иттифоқининг умумий номи. Ойротларни «дербен ойрот» («тўрт ойрот») деб ҳам аташган. Туркий халқлар Ойротларни «қалмоқ» деб атаган. Ойротларнинг умумий сони ҳақида аниқ маълумот йўқ. Ойротлар илк бор 1204 й. га оид манбаларда қайд этилиб, Енисей дарёсининг юқори қисмида яшаган. Кейинчалик (15-а.) Шарқий Туркистоннинг шим. қисмидаги (Жунғория) яйловларига жойлашган. 17-а. бошларигача Ойротларга хўшоутлар сардори (тайжи) етакчилик қилган, кейин ушбу лавозим таркибида турклар кўпроқ бўлган чўрос улуси бошлиғи қўлига ўтган. Ойротларнинг ҳаёти чорвачиликка асосланган, шу б-н бирга улар овчилик, деҳкрнчилик, ҳунармандчилик билан ҳам шуғулланади. Ойротларнинг ёзуви қад. уйғур ёзувига асосланган. Диндорлари — Тибет будда динидан, унинг «сариқ дин» (хитойча «хуангжяо») оқимига эътиқод қилади. Шу боис Тибетнинг маркази Лхасадаги ибодатхонани зиёрат қилиш Ойротлар учун ҳаж қилиш б-н тенг бўлган. Ойротлар жамиятида мавжуд бўлган қоидалар Чингизхон давридаги қонунлар асосида битилган. «Ойротмўғул тузуги»га асосланган.

Манжурлар томонидан Хитойда таш-кил этилган Цин (Чин) империяси (1644—1911)нинг Ойротлар давлатини тугатиши (қ. Ойрот хонлиги), О. учун катта фожиа бўлган. Ойротлар ярим аср мобайнида хитойликларга қаршилик кўрсатиб нафақат давлат тузумидан, балки 600 минг кишидан иборат аҳолисининг 5/6 қисмидан ажралган. Ойротларнинг тирик қолган қисми Шарқий Туркистон, Мўғулистон ва Хитойнинг ғарбий ўлкаларига тарқатиб юборилган.

Абдулаҳад Хўжаев.