ОЙРОТ ХОНЛИГИ

ОЙРОТ ХОНЛИГИ (Жунғор хонлиги) — Жунғориядаги ўрта аср давлати (1635—1758). Или водийсида яшаётган ойротларнинг чўрос улуси вакили Ботур хунтайжи раҳбарлигида Ёркенд хонлигидан ажралиб чиқиши натижасида барпо этилган. Хон ўрдаси Или водийсида жойлашган. Ойрот хонлиги маъмурий жиҳатдан 4 улусга (чўрос, дербет, хўшоут ва хўйт) бўлинган. Ҳар бир улуснинг бошлиғи тайжи (хон, князь) ҳисобланган. Тайжилар хонлик ҳукмдори — Хунтайжи (Улуғ хон)га бевосита итоат қилган. Ойрот хонлиги 1641 й. Тибетга юриш қилиб, у ердаги ҳокимиятни ағдариб, тахтга будда дини етакчиси Далайламани ўтқазди. 1688—90 й. ларда ойрот хони Галдан (1671—97 й. лар ҳукмронлик қилган) Чингизхон салтанатини тиклаш мақсадида Мўғулистонга юриш қилган. Бундан хавотирга тушган Хитойдаги Цин империяси (1644—1911) мўғулларни қўллаб-қувватлаб, Ойрот хонлигига қарши ўзи ҳам кураш бошлаган. 1695 й. ёзида Ғарбий Мўғулистондаги ҳал қилувчи жангда хи-тойликлар ғалаба қилган ва Мўғулистонни эгаллаб олган.

Галдан вафотидан сўнг тахтга ўтирган Цеван Рабдан (1697—1727) ва унинг ўғли Галдан Церен даври (1727 — 45)да Ойрот хонлиги қайта кучайган. Улар Цин империяси билан тинчлик алоқаларини ўрнатиш ва ташқи сиёсатдаги фаолликни Ғарб томонга қаратиш ҳамда Ёркенд хонлиги устидан ойротлар ўрнатган назоратни кучайтириш сиёсатини олиб борган. Бироқ, Цин империяси Мўғулистонда ўрнашиб олгач, Ойрот хонлигига қарши кураш бошлаган, жумладан, 1717 ва 1731 й. ларда 2 марта катта қўшин билан ҳарбий юриш қилган. Аммо, бу юришлар мағлубият билан тугаган. Ойротлар биринчи марта Олтой томондан, иккинчи марта Тибет томондан айланиб ўтиб, Хитой қўшини авангардини орқа тарафдан узиб қўйиш хийласини ишлатиб, кам куч билан катта армия устидан ғолиб чиқиб Цин империяси режаларини барбод этган. Цин ҳукумати Ойрот хонлиги билан сулҳ битими тузишга мажбур бўлган (1741).

18-а. ўрталарида Ойрот хонлигида ички зиддиятлар кучайган. Ҳокимият талашувчи кучлар ичида Цин ҳукумати ёрдамида мақсадга эришмоқчи бўлган шахслар пайдо бўлган. Амурсана Цин сулоласи учун мақбул шахс деб топилган. Аммо, у Цин сулоласининг Ойрот хонлигини бутунлай йўқотишга қаратилган махфий режасидан бехабар бўлган.

1755 й. баҳорда Цин империяси Ойрот хонлигига қарши 50 минг кишилик қўшин билан уруш бошлаган. Қўшин авангардига Амурсана бош бўлган. Ойрот хонлиги йўқ қилинган, лекин Амурсанага тахт берилмаган, у махфий кўрсатма билан Пекинга чақиртирилган. Алданганини билиб қолган Амурсана ўзини хон деб эълон қилиб, Цин салтанатига қарши кураш бошлаган, бироқ мағлубиятга учраб Россия ҳудудига қочиб ўтиб, мусофирлиқда вафот этган. Ойрот хонлигининг сўнгги хони Даваци Пекинга олиб кетилиб зиндонга ташланган. Шундай қилиб, Ойрот хонлиги ярим аср давомида Цин империясининг ҳужумига қарши туриб, унинг Туркистонга бостириб келишига йўл қўймаган. Ойрот хонлиги барҳам топгандан кейинги ички ва ташқи вазият Цин империясига Шарқий Туркистрндан нарига ўтишга имкон бермаган. 1758 й. Ёркенд хонлиги ҳам йўқ қилинган. Шундан кейин Ойрот ва Ёркенд хонликлари ҳудудида Цин ҳукумати томонидан ҳарбий-маъмурий тузум ўрнатилган.

Абдулаҳад Хўжаев.