ОЁҚСИЗ АМФИБИЯЛАР

ОЁҚСИЗ АМФИБИЯЛАР (Apoda, Gymnopkiona) — сувда ҳамда қуруқликда яшовчилар туркуми. Битта червяга оиласи киради; 170 тур ва 37 уруғга ажратилади. Африка, Осиё ва Американинг тропик минтақаларида тар-калган. Уз. 38—100 см. Гавданинг шакли ва тузилиши тупроқни ковлаб ҳаёт кечиришга мослашган. Гавдаси чувалчангсимон, оёқсиз, кўндаланг ҳалқаларга бўлинган. Териси яланғоч, кўп миқдорда шилимшиқ безлар б-н қопланган. Боши танасидан деярли ажралмаган, кўзлари кучсиз ривожланган бўлиб, думи калта. Ноғора пардаси ва ўрта қулоғи бўлмайди, ҳид билиш ва туйғу органлари яхши ривожланган. Кўпчилик турлари нам тупроқларда, дарё ва кўллар бўйида, айрим турлари сувда яшайди. Гавдасини илонга ўхшаб эгиб ҳаракатланади. Умуртқасиз ҳайвонлар б-н озиқланади. 5 тадан 30 тагача тухум қўяди. Бир хилларининг тухумдонидан сувда метаморфоз орқали ривожланадиган личинкалар чиқади. Бошқаларида личинканинг ривожланиши тухум ичида тугалланади. Сувда яшовчи турлари тирик туғади.