ОЙНА

«ОЙНА» — ўзбек тилидаги тўнғич журнал. 1-сони 1913 й. 20 авгда чиққан. Жур. Самарқандда нашр қилинган, 2 тилда — ўзбек ва форс тилларида чоп этилган. «Ойна» Туркистон жадидларининг раҳномаси — Маҳмудхўжа Беҳбудий то-монидан асосланган ва унинг муҳаррирлигида фаолият кўрсатган. «Ойна» хусусий жур. бўлиб, 400—600 нусхада тошбосмада чоп қилинган, мухлислар орасида обуна ва чакана савдо йўли б-н тарқалган. «Ойна» аввалига ҳафтада 1 марта 24 саҳифада, кейинроқ 15 кунда 1 марта 35 саҳифада чиқарилган. Материаллар «Баёни ҳол», «Самарқанд хабарлари», «Ахбори жаҳон», «Реклама» номли доимий рукнлар остида чоп этилган. «Ойна»нинг бир қанча хорижий Шарқ мамлакатларида ҳам мухлислари бўлган.

«Ойна»ни чиқаришда М. Беҳбудийга самарқандлик иқтидорли қаламкашлар: Саидризо Ализода, Рожий, Ҳожи Муинлар кўмаклашганлар. Жур. да четдан мактаб, мадраса муаллимлари, элга танилган адиблар, илм ахллари ҳамкорлик қилганлар. М. Беҳбудий ноширлик, муҳаррирлик вазифаларини адо этиш билан бирга, жур. нинг қарийб ҳар бир сонида долзарб мавзулардаги сермазмун, сара мақолалар б-н кўриниб турган. М. Беҳбудий ва унинг жадид сафдошлари Туркистоннинг миллий ва диний за-минда тараққий этмоғини кўзлаганлар. Шу боис ўлка тараққиётининг жадидлар назарда тутган бу икки асосий йўналишига дахлдор муаммолар «Ойна»нинг ҳам диққат марказида турган.

Туркистондаги туб аҳолини замонавий илму урфондан, маърифатдан баҳраманд этиш мақсадида нашр қилинган. «Ойна» жур. асосий диққатни ўлкадаги миллий таълим тизимини янгилашга йўналтирган. Жур. саҳифаларида чоп қилинган материалларнинг аксарияти маорифга алоқадор. Жур. жамоатчилик ўртасида ҳам диний, ҳам дунёвий илмларни ўргатувчи янги «усули жадид» мактабларини ташвиқ қилди, бундай мактаблар учун дарсликлар, билимдон муаллимлар тайёрлаш ва-зифасини эслатиб турди, миллий ўзликни англаш муаммоларига катта эътибор берди.

Ватанпарварлик, миллатпарварлик ғояларини, бетакрор тарихий маданий меросимизни кенг тарғиб қилиш — «Ойна»нинг муҳим хусусиятидир. Бу фазилатни М. Беҳбудий қаламига мансуб «Туркистон», «Самарқандда Шердор мадрасаси», «Улуғбек расадхонаси», «Сарт сўзи мажҳулдир», «Саёҳат хотиралари» ва б. мақолалардан яққол ҳис этиш мумкин. «Ойна» миллий тилга доир мақолаларида жамоатчиликни миллий тилни тараққий эттиришга, унинг софлигини асрашга даъват этиб, «ҳар миллат ўз тили ила фахр этар», дея уқтирган.

«Ойна» 1915 й. нинг 15 июнига қадар нашр қилинган. Жами 68 та сони чиққан.