ОЙМЯКОН ЯССИТОҒЛИГИ

ОЙМЯКОН ЯССИТОҒЛИГИ — Саха (Якутия)даги ясситоғлик. Сибирнинг шим.-шарқида, Индигирка дарёси ҳавзасининг юқори қисмида жойлашган. Сунтар-Хаята ва Тас-Кистабит тизмалари оралиғида. Рельефи парчаланган. Алоҳида ясситоғлар ва тепаликлардан ташкил топган. Марказига — Оймякон ботиғига (700 м) томон пасайиб боради. Ясситоғликнинг ўртача бал. 800—900 м, энг баланд жойи 1802 м. Асосан, сланец, қумтошлардан иборат, улар орасида гранит интрузиялари учрайди. Иқлими кескин континентал, қиши жуда совуқ, ёзи салқин. Янв. нинг ўртача т-раси —50°, июлники 8°. Оймякон ботиғи Шим. ярим шарнинг совуқ қутби ҳисобланиб, мутлақ паст т-ра —70°гача тушади. Ясситоғликнинг 1200 м баландликкача бўлган қисмида сийрак ҳолда тилоғоч, пакана кедр, сибирь қорақарағайи ўсади. Ундан юқорида тоғ-тундраси мавжуд.