ОЙ ФАЗАЛАРИ

ОЙ ФАЗАЛАРИ — Ойнинг Ер атрофидаги ҳаракатланиши даврида Қуёшга нисбатан эгаллайдиган вазиятлари. Ой ўзидан нур чиқармайди, уни Қуёш нури ёки Қуёш нурининг Ердан кайтган қисми ёритиши мумкин, шу туфайли Ойнинг фазода Қуёшга ва Ерга нисбатан қандай ҳолатда туришига кўра, у ердан қараганда турли шакдда кўринади. Ҳар ойда Ой тахм. Ер билан Қуёш орасидан ўтади ва Ерга ўзининг қоронғи томони билан туради. Бунга астрономикянги ой дейилади. 1—2 кун (сутка) дан сўнг Қуёш ботгач, осмоннинг ғарбий қисмида Ой ингичка ўроқ шаклида кўринади, бу халқ тилида ҳилол ёхуд янгиой (фан тилида — визуал янгиой) дейилади. Бунда Ойнинг қолган қисмини Ер ўзининг кундузги ярим шаридан қайтган Қуёш нурлари билан хира кулранг равишда ёритиб туради. 7 кундан кейин Ердан Ойга ва Қуёшга томон йўналишлари орасидаги бурчак 90° га тенг бўлади, бунда у ярим «кулча» шаклида кўриниб, Ойнинг бу фазаси биринчи чорак дейилади. Тахм. 14—15 кунлик Ой Қуёшга қарама-қарши туриб, унинг Қуёш билан ёритилган ярим сфераси тўлали-гича Ерга карайди. Ойнинг бу фазаси тўлиной деб аталади. Бунда Ойни тўла ёруғ дойра шаклида куриш мумкин. Кейинги кунларда Ойнинг ғарбий томони «емирила бориб», 22-суткада фақат қабариқ томони шарққа қараган ярим дойра шаклида кўринади. Буни Ойнинг охирги чорак фазаси дейилади. 29,5 суткадан сўнг Ой яна астрономик янгиой фазасида бўлади. Икки кетма-кет келган янгиой орасида ўтган вақт Ойнинг синодик даври дейилиб, у 29,53059 суткага тенг. Синодик ой сидерик ойга Караганда бир оз ортиқроқ, чунки шу давр орасида Ер ўз орбитасининг қисмини утади. Агар Қуёш Ой орбитаси тугунларининг би-ронтаси яқинида (ундан 16,5° дан кичик ей масофада) булганда янгиой ку-затилса, албатта Қуёш тутилади. Бу ҳодиса тулин ой пайтига тўғри келса, унда Ой тутилиши мумкин (қ. Ой тутилиши, Куёш тутилиши). Ой фазаларининг даврий ўзгариши ой календарларининг яратилиши учун асос бўлган (қ. Календарь).

Маматмуса Мамадазимов.