ОЙ

ОЙ (вақт) — Ойнинг Ер атрофида бир марта айланиши даврига яқин вақт оралиғи; ўлчов бирлиги. Қуйидаги турлари фарқ қилинади:

1) синодик Ой — Ойнинг кетма-кет келган икки бир хил фазаси орасидаги (О. календарига асос қилиб олинган) вақт, 29 кун 12 соат 44 мин. 2,28 сек. ;

2) сидерик Ой — Ойнинг юлдузларга нисбатан икки кетма-кет келган бир хил вазияти ора-сида ўтган вақт, 27 кун 7 соат 43 мин. 11,51 сек. ;

3) тропик Ой — Ойнинг бир хил астрономик узунламалардан утиши орасида ўтган вақт, 27 кун 7 соат 43 мин. 4,68 сек. ;

4) аномалистик Ой — Ойнинг перигейдан икки марта кетма-кет ўтиши орасидаги вақт, 27 кун 13 соат 18 мин 33,16 сек;

5) аждар О. — Ойнинг кўтарилиш тугунидан икки марта кетма-кет ўтиши орасидаги вақт, 27 кун 5 соат 5 мин. 35,81 сек. Григорий календарика бир йил 12 ойга бўлинади; бунда Ойлар 28 (29), 30, 31 кундан иборат бўлади. Қуёш календаридаги (қ. Календарь) календарь О. Ой фазаларига боғлиқ бўлмайди. Календарь Ой узунлиги ҳам 28—31 кунга тенг бўлади.