ОЛЧА

ОЛЧА, оливоли (Cerasus) — раънодошлар оиласига мансуб барг тўкувчи дарахтлар туркуми; мевали дарахт, 150 га яқин тури бор. Асосан, Осиёда, шу жумладан, Ўрта Осиё ва Кавказда 25 га яқин тури усади. Маданий турларидан оддий Олча (C.vulgaris) кўп тарқалган. Жуда қадимдан Марказий ва Жан. Европада, Шим. Африка, Шарқ-ий Осиё, Шим. Америкада экилади. Ўзбекистонда Олчанинг махалеб Олчаси ёки камхастак (C.mahaleb), қизилмевали Олча ёки чия (тошчия) (С. erythrocarpa Neski.) ёввойи турлари адир ва тоғ ён бағирларида учрайди. Оддий Олча дарах-тининг бўйи 6—7 м, совуққа, қурғоқчиликка чидамли, унумдор тупрокларда яхши ўсади ва мўл ҳосил беради, 30 — 40 йил (баъзан 100 й. гача) яшайди. Меваси майда, думалоқ, данакли, сувли, нордон, оч қизилдан тўқ қизилгача. Олча мева бандининг узунлиги билан бошка данакли мевалардан фарқ қилади. Таркибида 7,3—14,5% қанд, 0,8—2,4% органик кислоталар, 0,15—0,88% ошловчи моддалар, С, В2, В9 витаминлар ва б. мавжуд. Янгилигида ейилади, консервалар, мураббо, жем, вино, қандолат маҳсулотлари тайёрланади. Ҳосилдорлиги 100 ц/га. Меваси май — июнда пишиб етилади. Олча данагидан, иддиз бачкисидан ҳамда пайвандлаб кўпайтирилади. Экилгандан сўнг 3—4-йили ҳосилга киради, 6—7-йили яхши ҳосил беради. Олчага қисқа танали қилиб, сийрак поғонали шакл берилади.

Ўзбекистонда Олчанинг Гриот, Любская 15, Подбельская, Самарканд, Тургеневка, Кора шпанка навлари экилади (2003).

Зараркунандалари: олча арра-каши, олча узунбуруни, битлар, олча пашшаси ва б.

Касалликлари: мева чириши, клястероспориоз, коккомикоз, цитоспороз ва б.

Ад.: Лейн А. Н., Олча ва гилос, Т., 1962; Рибаков А. А., Остроухова С. А., Ўзбекистон мевачилиги, Т., 1967.