ОДИССЕЯ

«ОДИССЕЯ» (лот. Odessea, Odyssia) — юнон эпик достони. Муаллифлиги Гомерга нисбат берилади. Мил. ав. тахм. 9 — 8-а. ларда пайдо бўлган «Илиада» достонидан кейин яратилган. Гекзаметр (мусаддас ўлчови)да ёзилган (12100 мисра). «Одиссея» негизида дунёга машҳур шундай фольклор сюжети ётади: узок, дарбадарликдан сўнг садоқатли рафиқаси Пенелопа олдига таниб бўлмайдиган ҳолда эри — Одиссей қайтиб келади. Одиссей образида қахрамонлик сифатларидан кўра унинг ақл-заковати, эпчиллиги, тадбиркорлиги устун туради. «Одиссея»да маиший картиналар ва эртак унсурлари «Илиада»дагига қараганда кўпроқ. Достон қад. замонлардаёқ юнон халқининг муқаддас ва мўътабар китобига айланган. Кўп тилларга таржима қилинган. Айрим парчалари ўзбек тилида Миртемир таржимасида нашр этилган.