ОДИЛ СУДЛОВ

ОДИЛ СУДЛОВ — ҳақиқий ҳолатни аниқлаб, одамлар орасидаги, улар билан жамият ва давлат ўртасидаги келиш-мовчилик ва низоларни фақат суд то-монидан ҳал этиб берилиши. Одил судловни амалга ошириш борасида суд мустақил, унинг фаолиятига биронбир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавоб-гарликка сабаб бўлади. ЎзРда суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади. Ўзбекистон Республикасида суд тизими 5 й. муддатга сайланадиган Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди, Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича олий судлари, Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик судидан, шу муддатга тайинланадиган фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича вилоят ва Тошкент шаҳар судлари, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари, ҳарбий ва хўжалик судларидан иборат.

Одил судловни юритишнинг конституциявий, фуқаролик, хўжалик, жиноий ва маъмурий турлари белгиланган. Мустақиллик шарофати билан Одил судловни амалга ошириш учун суд ваколатларида туб ўзгаришлар юз берди. «Суд тўғрисида» алоҳида қонун қабул қилинди (2000 й. 14 дек.), суд ваколатлари халқаро андозаларга мос келадиган даражада кенгайтирилиб, судлар орқали инсон ҳуқукларини ва жамиятнинг ҳуқуқий негизларини самарали ҳимоя қилишга имкон берадиган шартшароитлар яратилмоқда.

Суд ислоҳоти йўсинида Одил судловни амалга оширишнинг бирмунча такомиллаштирилган процессуал тартиби белгиланди, судья кадрлар танлаш ва жой-жойига қўйиш борасида самарали тизимга асос солинди, суд процесси иштирокчиларининг тенглиги қонунда мустаҳкамлаб қўйилди. ЎзР Конституциянинг суд ҳоки-миятига бағишланган қоидалари Одил судловни ташкил этиш, суд органларининг давлат механизмидаги ва жамиятнинг сиёсий тизимдаги роли ва ўрни ҳақидаги масалаларга доир қонунчилик учун негиз ҳисобланади. Президент Ислом Каримов уқтирганидек, суд ислоҳотини чуқурлаштириш, ҳокимиятнинг мустақил ва қарам бўлмаган тармоғи сифатида бутун Одил судлов тизимини демократлаштириш — ҳуқуқий давлатни мустаҳкамлашнинг яна бир муҳим йўналишидир. Ижтимоий турмушнинг демократик ин-ти тариқасида суднинг аҳамияти жиддий равишда оширилиши зарур.

Ғафур Абдумажидов.