ОДАТ ҲУҚУҚИ

ОДАТ ҲУҚУҚИ — жамиятда узоқ вақт амал қилинавериб, унинг аъзолари учун ўрганиш бўлиб кетган ва давлат томонидан рухсат этилган, лекин қонунлаштирилмаган тартиб-қоидалар (одатлар) мажмуи. Одат ҳуқуқи нормалари ижтимоий нормалардан бири бўлиб (ижтимоий нормаларга, шунингдек, ҳуқуқий нормалар, ахлоқий, диний нормалар ҳам киради), кишилар ҳаётида юзага келадиган ижтимоий муноса-батларнинг аксар қисмини тартибга солади. Одат ҳуқуқи ўзининг 2 жиҳати б-н, яъни: халқнинг ҳуқуқий онги, ҳуқуқий мафкураси билан чамбарчас боғликлиги; халқ орасида доимий такрорланиб турувчи, аммо ёзилмаган, авлоддан-авлодга мерос бўлиб ўтувчи жамиятнинг асл қонун-қоидалари ила ҳамоҳанглиги билан эътиборлидир. Одат ҳуқуқи нормалари иш муомаласи одатлари, маҳаллий одат ва анъаналар шаклида намоён бўлади.

Ҳозирга келиб, Одат ҳуқуқи нормалари ҳуқуқнинг алоҳида бир манбаи сифатида эътироф этилмоқда. Чунончи, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Фуқаролик кодекси бўйича, Одат ҳуқуқи нормалари илк бор ҳуқуқнинг манбаи сифатида киритилди. Унга кўра, тадбиркорлик фаолиятининг биронбир соҳасида вужудга келган ва кенг қўлланиладиган, қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган хулқ-атвор қоидаси, биронбир ҳужжатда ёзилганлиги ёки ёзилмаганлигидан қатъи назар, иш муомаласи одати бўлиб ҳисобланади. Фуқаролик қонун ҳужжатларида тегишли нормалар бўлмаган тақдирда, бу муносабатларни тартибга солишда ма-ҳаллий одат ва анъаналар қўлланилади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Оила кодексига кўра, қонун ҳужжатларида оилавий муносабатларни тартибга солишга оид тегишли нормалар бўлмаган тақдирда, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳуж-жатлари тамойилларига зид бўлмаган маҳаллий урфодат ва анъаналар қўлланилади.

Миродил Баратов.