ОДАМТОШ ГАЗ-КОНДЕНСАТ КОНИ

ОДАМТОШ ГАЗ-КОНДЕНСАТ КОНИ — Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги Одамтош антиклиналь бурмасида жойлашган кон. Одамтош антиклинали жан. – ғарбдан шим.-шарққа йўналган. Қанотлари асимметрик тузилган, шим.-ғарбий қаноти тикроқ. Юра даври оҳактошлари бўйича антиклиналнинг уз. 14 км, эни 5,2 км, қалинлиги 600 м. 1962 й. да конда қидирув қудуқлари бурғиланган. Юра, бўр ва палеоген даврларига мансуб жинслар мавжуд. Юра даври жинслари континентал ва денгиз шароитида ҳосил бўлган терриген жинслар, оҳактош, туз ва ангидритдан иборат, умумий калинлиги 2000 м дан зиёд. Бўр даври жинслари ҳам континентал ва денгиз шароитида ҳосил бўлган шағалтош, қумтош алевролит, гил, оҳактошдан тузилган. Палеоген даври жинслари кам тарқалган, қалинлиги 100 м.

Одамтош газ-конденсат конида саноат аҳамиятига эга бўлган газ уюмлари юқори юра оҳактошларининг 15 – ва 15-а горизонтларида топилган. 15-горизонтдаги газ уюмлари оҳактошларнинг юқори ғовакли қисмида жойлашган. Горизонтнинг умумий қалинлиги 174—270 м, ғоваклиги 3,15%, ўтказувчанлиги 245 миллидарсигача, газ уюми 1397—1468 м чуқурликда жойлашган бўлиб, уз. 12,2 км, эни 4,4 км. Қатлам босими 17,4 ат. Газнинг зичлиги 0,691— 0,782, таркиби 0,10—0,30% водород сульфид, 0,4 — 7,5% карбонат ангидрид, 33,4—87,4% метан ва 1,9—11,4% азотдан иборат. Конденсат қуюклашган суюқ углево-дородлар бўлиб, 1 м3 газ таркибида 12—700 см3 ни ташкил этади. Конденсатнинг зичлиги 6,9—7,3 г/см3. 15-а горизонт ўртаси майда, дарз кетган тўқ кулранг оҳактошлардан иборат бўлиб, 1287 — 1210 м чуқурликда жойлашган. Горизонтнинг умумий калинлиги 129 — 173 м. Ғоваклиги 11,6%. Газ уюмининг уз. 8,7 км, эни 2,4 км, босими 174,4 ат.