ОДАМ ЎЛДИРИШ

ОДАМ ЎЛДИРИШ — қасддан бошқа шахсни ҳаётидан маҳрум қилиш. Жиноят ҳуқуқида шахсга қарши қаратилган энг оғир жиноятлардан бири бўлиб, фуқаролар хаёти хавфсизлигини таъ-минловчи ижтимоий муносабатларга тажовуз ҳисобланади. Одам ўлдириш Ўзбекистон Республикаси ЖК 97-моддасида назарда тутилган жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради. Эҳтиётсизлик ор-қасида Одам ўлдириш мустақил жиноят таркибини ташкил қилади (ЖК, 102-модда). Одам ўлдириш моддий таркибли жиноятлар сирасига киради. Одам ўлдириш айбдорнинг ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги туфайли одам ўлган пайтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади. ЎзР Жиноят кодексида жавобгарлик белгиланган Одам ўлдириш турларини шартли равишда 3 гуруҳга ажратиш мумкин:

1) қонунда назарда тутилган енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларсиз Одам ўлдириш (10 йилдан 15 йилгача озодликдан махрум қилиш билан жазоланади);

2) айбни оғирлаштирувчи ҳолатларда Одам ўлдириш (икки ёки ундан ортиқ шахсни; хрмиладорлиги айбдорга аён бўлган аёлни; ожиз аҳволда эканлиги айбдорга аён бўлган шахсни; хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан шахсни ёки унинг қариндошини; бошқа шахсларнинг ҳаёти учун хавфли бўлган усулда; оммавий тартибсизликлар жараёнида; ўта шафқатсизлик билан ўлдириш ва б. — 15 йилдан 20 йилгача озодликдан махрум қилиш ёки ўлим жазоси билан жазоланади); 3) айбни енгиллаштирувчи ҳолатларда Одам ўлдириш (кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида Одам ўлдириш — 5 йилгача озодликдан махрум қилиш; онанинг ўз чақалоғини қасддан ўлдириши —3 йилгача озодликдан махрум қилиш; зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиб қасддан Одам ўлдириш — 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш; эҳтиётсизлик орқасида Одам ўлдириш —2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади).

Мирзаюсуф Рустамбоев.