ОДАМ КОНСТИТУЦИЯСИ

ОДАМ КОНСТИТУЦИЯСИ, тана конституцияси (қомати) — одам организмининг ўзига хос алоҳида морфологик ва функционал хусусиятлари мажмуи. Табиий ва ирсий омилларга боғлиқ. Одам конституцияси табиат ва маълум бир жамият тузуми таъсирида ўзига хос морфологик ва физиологик хусусиятларга эга бўлган индивидуал белгилар йиғиндисидан вужудга келади. Одам қомати ўз авлоди (насли) дан орттирган асосий хусусиятлари заминида ривожланади. Одам конституциясининг ҳар хил бўлиши наслига, ташқи муҳит таъсирига, ижтимоий шароитга, касбига ва иқтисодий аҳволига боглиқ. O. K. морфологиктузилишига қараб 3 турга ажратилади: а) кенг елкали паст бўйлилар; бундай одамларнинг елкалари кенг, гавдалари вазмин, бақувват ва тиқмачокдек, қоринлари кўкрагига нисбатан катта, тананинг кўндаланг ўлчами бўйича нисбатан узунроқ бўлади; б) узун бўйли, тор кўкраклилар — бўйлари узун, организми заифроқ, вазни енгил, қўл ва оёклари узун, кўкраклари қорин қисмидан катта; в) ўрта бўйлилар — паст ва узун бўйлилар оралигидаги одамлар.

Одамнинг қомати унинг ички аъзолари тузилишига ҳам таъсир қилади, жумладан, паст бўйли одамларнинг диафрагмаси юқори, узун бўйлиларда эса ҳамма аъзолар ҳажми кичик ва пастроқ жойлашган бўлади.