ОБРАЗ

ОБРАЗ, бадиий образ — воқеликни факат санъатга хос усулда ўзлаштириб ва ўзгартириб характерловчи эстетик категория. Шунингдек, бадиий асарда ижодий қайта яратилган ҳар қандай воқеа ҳам Образ деб юритилади.

Образда объектив англаш билан субъектив ижодий тафаккур қоришиб кетади. Бадиий Образнинг ўзига хос хусусиятлари реал воқеликка ва фикрлаш жараёнига бўлган муносабатда аниқ намоён бўлади. Образ вокеликнинг бадиий инъикоси сифатида реал мавжуд объектнинг ҳиссий аниқ, тайин замон ва маконда давом этган, моддий тугал, ўзича етук хусусиятларига эга бўлади. Бадиий Образни реал объект билан чалкаштирмаслик керак; у шартлилик, рамзийлик хусусияти билан реал воқеликдан фарқ қилади ва асарнинг ички «иллюзияли» оламини ташкил қилади. Образ воқеликнинг оддий инъикоси бўлмай, балки уни умумлаштириб, алоқида, ўткинчи, тасодифий ҳодисанинг энг моҳиятли, ўзгармасмуқим, адабий жиҳатларини очиб беради. Мавҳум тушунчадан фаркли ра-вишда Образ кўргазмалилик хусусиятини намоён этади, у воқеаларни мавқум мулоҳазалар б-н эмас, балки ҳиссий яхлит, бир бутун такрорланмас тарзда акс эттиради. Образнинг бадиийлиги мавжуд воқеликни акс эттириш ва уни англаш хусусияти б-н белгиланмайди, балки бадиийлик Образнинг мисли кўрилмаган, янги ўйлаб чиқарилган дунё ярата олиш имкониятида юзага чиқади. Образда объектив мавжуд ва муҳим жиҳатлар билан бирга, бўлиши мумкин бўлган, мўлжалдаги, хоҳишдаги, яъни турмушнинг эмоционал-иродавий томонларига муносабат, унинг кўринмас, ички имкониятлари билан боғлиқ хусусиятлар ҳам мухрланган бўлади. Шунингдек, бадиий Образда хаёлот, бўёқ, товуш, сўз ва б. ни ижодий ишлаш йўли билан санъат асари яратилади.

Образ мураккаб тузилиш ва мураккаб кўринишга эга; у борлиқ билан руҳий дунёнинг бир-бирига ўтишидаги барча моментларни ўз ичига олади. Бадиий Образ воситасида субъективлик билан объективликнинг, якка ҳолат билан умумийликнинг, идеаллик билан реалликнинг ўзаро мувофиқ муносабатлари ижодий ишлаб чиқилади.

Бадиий асарда Образ сўз воситасида юзага чиқарилади. Адабий асарнинг материали ашёвий асосдан (бўёклар, мармар, тош ва б.) эмас, балки белгилар тизи-ми, тил, сўз материалидан иборат бўлгани учун ҳам сўз билан ифодаланган Образда кўргазмалилик томони пластик Образга нисбатан кам акс этади. Шоир ҳатто конкреттасвирий сўзлардан фойдаланганда ҳам, предметнинг кўзга кўринадиган қиёфасини эмас, ассоциатив алоқадаги мазмуний кўринишини яратади.

Бадиий Образнинг муҳим вазифаси унинг ҳаётдагидек салмоқдорлик, яхлитлик ва жонлиликка эга бўлишидир.

Ад., Храпченко М. Б., Горизонты художественного образа, М., 1982; Адабиёт назарияси [2 ж. ли], Т., 1978; Иззат Султон, Адабиёт назарияси, Т., 1980.

Баҳодир Каримов.