ОБИЗАРАНГ

ОБИЗАРАНГ (Дашнободсой) — Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги сой, Тўполон дарёсининг чап ирмоғи. Уз. 58 км, сув тўплаш майд. 330 км2. 60 га яқин ирмоғи бор. Ҳисор тизмасининг жан. тармоғи — Қолдирға тоғларининг жан. ён бағирларидаги булоқлардан бошланади. Обизаранг мавсумий қор ва ёмғир сувларидан тўйинади. Обизарангда 1928 й. дан гидрологик кузатишлар йўлга қўйилган. Ўртача йиллик сув сарфи 3,5 м3/сек. Обизаранг оқимининг 80—85% март—июнь ойларига тўғри келади, апр. —май ойларида ўртача ойлик сув сарфи 25 м3/сек. гача етади. Обизарангда тез-тез сел тошқинлари ҳам кузатилиб, сув сарфи 100 м3/сек. ортади. Ёзнинг охири ва кузда қуйи окимида ўзани қуруқ бўлади. Обизаранг суви, асосан, суғоришга сарфланади.