ОБИМАШАД АРИҒИ

ОБИМАШАД АРИҒИ, Обимашҳад ариғи — Самарқанд ш. нинг шим.шарқий қисмида жойлашган шу номдаги булокдан бошланган ариқ. Аслида Обимашад ариғи Сиёб анҳорининг ирмоқларидан бўлиб, Самарқанддан кесиб ўтган Но-вадон, Сиёбча, Жарариқ каби сув ман-балари билан бир қаторда шаҳарнинг сув таъминоти ва атрофидаги деҳқончилик ва боғдорчилик ерларини суғоришда муҳим аҳамият касб этган. Обимашад ариғининг суви самарқандликлар ўртасида муқаддас саналган. Ривоятларга кўра, Қусам ибн Аббос ибн Абдулмуталлиб (Муҳаммад пайғамбарнинг амакиваччаси) Оби-машҳад булоғининг ёқасида шаҳид бўлиб, унинг яқинига дафн этилган. Шу боисдан унинг мозори «Машҳад», яъни, шаҳид бўлган ер деб аталган. Ҳар йили Наврўзда шаҳар аҳолиси О. а. со-ҳилларида тўпланиб «Қозон тўлди», «Бой бўлди» ва «Гуноҳ тўкилди» деб аталган турли сайил ва маросимлар ўтказганлар ҳамда унинг суви билан та-ҳорат олиб ғусл этганлар. Обимашҳад қадимда аслида «Обимаскат» шаклида талаффуз этилиб, у «Катта қишлоқнинг суви» (яъни ариғи) номини англатган.

Ад.: Муҳаммаджонов А. Р., Қуйи Зарафшон водийсининг суғорилиш тарихи (Қадимги даврдан то XX аср бошларигача), Т., 1972; Абу Тоҳирхожа, Самария, Т., 1991.