НОВВОТ

НОВВОТ — шакар қиёмидан тайёрланадиган ялтироқ, қаттиқ, рангсиз ёки сарғиш тусли ширинлик. Йирик қанд кристалларидан иборат. Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларида кенг тарқалган. Таркибида 99,75% сахароза (шакар моддаси) бор. Намлиги 1% дан ошмайди.

Новвот олиш технологияси: қозонга 2 улуш шакар ва 1 улуш сув (Мас, 10 кг шакарга 5 л сув) солиб, милтиллатиб қайнатиш йўли билан шарбат ҳосил қилинади. Шарбатни яхшилаб аралаштириб, кўпик ҳосил бўлгунча қайнатилади, кўпикни олиб ташлаб, қайнатиш тўхтатилади. Шарбатга тухум (80 — 100 кг шакарга 1 л сувга чақилган 1 тухум) қўшилади. Шарбатни яна кайнатиб, кўпиги олиб турилади. Сўнгра махсус қозонга 3—4 қатор оқ ип па-раллел тортилади. Ипларнинг учини бирлаштириб, елим билан ёпиштириб қўйилади. Бошқа қозонда қайнаб турган шарбат ип тортилган қозонга қуйилади, 1 соатча тургандан кейин шарбат сиртида парда ҳосил бўлади. Қозонни махсус қопқоқ билан ёпиб, уч сут-ка шу қолича қолдирилади. Бу даврда иплар атрофида кристаллар ҳосил бўлиб, ўса бошлайди. Уч суткадан кейин қопқоқни очиб, қозонда қолган шарбат бошқа идишга қуйиб олинади. Ундан қандолат маҳсулотлари тайёрлашда фойдаланилади. Қозон тагига ёпишиб қолган Новвот ҳам истеъмол қилинади. Кристаллар ёпишган ипларни қозондан олиб, столда қуритилади. Новвот шу ипи билан сотишга чиқарилади. Бу Н. дури дейилади (65% ча дур чиқади). Новвотни кундалик ширинлик сифатида истеъмол қилиш мумкин.

Ад.: Рустамов А., Восточные сладости и другие сахаристые кондитерские изделия, Т., 1965.

Ҳожиакбар Муслимов.