НАБАТЕЯ ПОДШОЛИГИ

НАБАТЕЯ ПОДШОЛИГИ — Иордания ҳудудида қадимда мавжуд бўлган давлат (мил. ав. 3-а. охири — 2-а. боши — мил. 106). Мил. ав. 6-а. бошида Эдем р-нига араб қабилаларидан набатейлар келиб ўрнашган. Улар хақида илк марта Библияда қайд этилган. Мил. ав. 3-а. охири — 2-а. бошларида пойтахти Петра ш. бўлган Набатея подшолиги вужудга келган, у птолемейлар сулоласи бошқарган Мисрнинг таъсир доирасига кирган. Набатея подшолигининг 1-подшоси — Харитат I (мил. ав. 169 й. дан шохлик қилган). 87 (ёки 85) й. да Харитат III (мил. ав. 87—62) Дамашқни бўйсундирган. Мил. ав. 60-й. лар охиридан Набатея подшолиги Рим вассали. Набатея подшолигининг равнақ топган даври Харитат IV даврига (мил. 9—40) тўғри келади. Набатея подшолигининг сўнгги подшоси Раббил II (71 — 106) бўлган. 106 й. Рим императори Траян Н. п. ни тугатиб, унинг ҳудудини Римнинг Арабистон провинциясига айлантирган. Набатеяликлардан ҳозир фақат оз сонли ёзма ёдгорликлар сақланиб қолган.