НАБИЕВ

НАБИЕВ Малик (1916.5.1, Тошкент) — рассом, педагог, Ўзбекистан БА акад. (1997), Ўзбекистан халқ рассоми (1992). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1968). Тошкент рассомлик билим юртида таълим олган (1933 — 37), Тошкент пед. ин-тини тугатган (1962). Тошкент рассомлик билим юртида (1938— 58), 1958 й. дан Тошкент педагогика интининг бадиий графика ф-тида ўқитувчи, рангтасвир кафедраси мудири (1963-88), 1973 й. дан ҳоз. Тошкент педагогика унти проф. Набиев, асосан, портрет ва тарихий жанрларда ижод қилади. Тарихий мавзудаги асарларига ғоя ва мавзунинг равшанлиги, кураш, қарама-қаршиликларда тўқнашган томонлар ҳолатини аниқ белгиланиши, давр руҳини аниқ тасвирлаш каби хусусиятлар хос бўлса, портретларида замондош шахслар табиий ҳолатда, самимий тасвирланади: «Дўстим портрети» (1933), «Қўзғолон бостирилди» (1940), «Македонияликларга қарши Спитамен қўзғолони» (1960), «Абу Райҳон Беруний» (1950, 1972), «Бобур» (1962), «Халқ артисти Ҳасанов» (1970), «Ўқитувчи М. Ғоипова» (1977), «Амир Темур» (1994) портретлари ва б. Рисолалар ва услубий қўлланмалар муаллифи. «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган (2000).

Ас.: Бошланғич синфларда расм чизиш методикаси, Т., 1965; Расм чизишни ўргатиш методикаси, Т., 1971; Рангшунослик, Т., 1995.