НИЗОМИЙ АРУЗИЙ

НИЗОМИЙ АРУЗИЙ ибн Самарқандий (11-а. нинг 90-й. лари — Самарқанд — 1160) — адиб, адабиётшунос олим. Котиб, шоир, мунажжим, табиб сифатида ҳам танилган. Арузни пухта эгаллагани учун Арузий номи б-н ҳам машҳур бўлган. 1111 й. да Шарқ мамла-катлари бўйлаб саёҳат қилган. Балх, Ҳирот, Туе, Нишопур ш. ларини кезиб, Афғонистоннинг Ғур ва Бомиён вилоятларида шансабийлар сулоласида 45 й. хизмат қилган. Бизгача «Мажмаъ уннаводир» («Нодирлар мажмуаси») ёки «Чаҳор мақола» («Тўрт мақола», 1156 — 57) деб номланган асаригина етиб келган. Асар муқаддима ва 4 мақоладан иборат. Муқаддимада китобнинг ёзилиш сабаблари, мақсади айтилган. Асосий қисмидаги мақолаларда дабирлик илмининг моҳияти ва етук дабир си-фатлари; шеър илмининг моҳияти ва шоирнинг салоҳияти; илми нужумнинг моҳияти ва мунажжимнинг билими, тиббиёт илмининг моҳияти, табиблик, табибнинг вазифалари ҳақида фикр юритилган. Ҳар бир мақола муаллиф томонидан илгари сурилган ғоя ва фикрларни акс эттирувчи 10—12 ҳикоят билан зийнатланган. Низомий Арузий ҳар бир касбга таъриф берганда, шу касб эгасининг маънавий қиёфаси ва билими қандай бўлиши лозимлигини уқтиради. Айниқса, китобдаги иккинчи ма-қола — «Шеър илмининг моҳияти, шоир салоқияти»да ижодкор бурчи, масъулияти, унинг ўзига талабчан, ҳамиша изланишда, ўрганишда бўлиши, ёш ижодкорларга ғамхўрлик қилиши кераклиги айтилган. Бадиий асарда шакл ва мазмун бирлиги, шеъриятнинг инсон тафаккурига таъсири, бадиий-эстетик, таълим-тарбиявий аҳамияти, унинг инсон камолотига, эстетик ди-дига таъсири борасида ҳам қимматли фикрлар бор. Асар Ўрта Осиё ва Хуро-сон халқлари илм-фани, маданияти, ёзувчишоирлар ҳаёти ва ижодини ўрга-нишда муҳим манбадир. «Мажмаъ уннаводир»нинг дунё қўлёзма хазиналарида 12 та қўлёзма ва бир неча тошбосма нусхалари мавжуд. Истанбул нусхаси энг мўътабар нусха ҳисобланади. Инглиз олими Эдуард Браун худди шу нусхани инглиз тилига таржима қилган (1899). Эрон олими М. Муиннинг танқидий матни асосида асарни С. Баевс-кий ва 3. Ворожейкина рус тилига (1963), асл форсий нусхадан М. Ҳасаний ўзбекчага (1985) қисқартириб таржима қилганлар.

Ас: Нодир ҳикоялар, Т., 1985.

Ад.: Бертельс Е. Э., Избранные труды, т. 1, История персидско-таджикской литературы, М, 1960 Абдулл аев И., Ҳикматуллаев Ҳ., Самарқандлик олимлар, Т., 1969.

Бегали Қосимов.