НИВАЛ МИНТАҚА

НИВАЛ МИНТАҚА, мангу қорлар минтақаси — тоғлардаги энг юқори табиий баландлик минтақаси; одатда, қор чизиғидан юқорида жойлашган бўлади. Қутбий ва ундан қуйироқдаги ўлкаларда денгиз сатҳига қадар ёйилган. Қор бўронлари ва қор кўчкилари сабабли ҳамда муз тилларининг янада қуйироққа силжишидан Нивал минтақа элементлари қор чизиғидан ҳам пастроққа тушиши мумкин. Марказий Осиёдаги тоғларнинг чўл зонасида Нивал минтақа чегараси энг юқори (айрим жойларда 6500 м дан баланд )дан ўтади. Нивал минтақа ландшафти учун қор уюмлари ва музликлар, қоя ва қурумлар хос. Совукдан физик нураш жараёнлари жадал кечади. Органик ҳаёти яхши ривож топмаган. Ўсимлик қоплами (мох, лишайник ва баъзи юксак ўсимликлар) жуда сийрак, ҳайвонлар кам учрайди; фақат қуш ва ҳашаротларнинг айрим турлари муқим яшайди.