НИТРАТЛАШУВ

НИТРАТЛАШУВ (лот. nitrum — азот ва facio — бажараман) , нитрификация — аммоний тузларининг микробиологик йўл билан нитратларга айланиш жараёни. Нитратлар ўсимликларнинг азот билан озикданишидаги асосий шаклдир. Бу жараён тупроқ ва сув ҳавзаларида кечади. Азотнинг табиатда доиравий айланиши учун муҳим аҳамиятга эга. Нитратлашувда аммонийлашув жараёнида бошланган азотли органик бирикмаларнинг минераллашуви ниҳоясига етади. Нитратлашув нитратлаштирувчи бактериялар таъсирида рўй беради. Нитратлашув жараёни 2 босқичдан иборат. Нитратлашув жараёни фақат сувда эрувчан органик моддаларнинг бўлишига боғлиқ. Нитратлашув жараёнига аэрация, тупроқнинг кимёвий таркиби ва реакцияси (муҳи-ти), ҳарорати катта таъсир кўрсатади. Нитрификаторларнинг ривожланиши учун тупрок, реакцияси рН 5—8 бўлгани маъқул. Тупроқ нами мўътадил (умумий сув сиғимининг 40—70% и миқ-дорида), муҳити яхши (нейтрал ёки кучсиз ишқорий), т-раси 28 — 30° бўлиб, шўрланмаган бўлади. Нитратлашув жараёни шундай тез кечадики, ҳатто тупроқдаги минераллашган азотнинг асосий қисми нитрат шаклида қолади. Бунда нитрат кислота ўсимликни фақат азот билан таъминлаб қолмасдан, балки қи-йин эрийдиган минерал тузлар (кальций фосфат)ни осон эрийдиган ҳолатга ўтказишга ва ўзлаштирувчанлигини оширишга катта таъсир қилади. Лекин нитратлар ўзининг яхши эрувчанлиги туфайли тупроқнинг пастки қатламларига тушиб ва ювилиб кетади. Етарли аэрация бўлмаганда улар яна денитратлаштирувчи бактериялар ёрдамида молекуляр азотгача қайтарилиши мумкин, бу эса тупрок, азотининг сезиларли даражада йўқолишига олиб келади (қ. Денитрификация). Жадал Нитратлашувда азот йўқолишини камайтириш учун туп-роққа органик ўғитлар солиш керак.