НЕКРОЗ

НЕКРОЗ (юн. nekrosis — ўлиш) — 1) тирик организмдаги ҳужайра, тўқима, бутун аъзо ёки унинг бир қисми нобуд бўлиши. Кимёвий ёки физик таъсирлар (ҳарорат, электр токи, кучли кислота ёки ишқорлар, нур энергияси ва б.), шикастланиш, токсинлар (бакте-риал инфекцияларда) сабаб бўлади. Кўпчилик ҳолларда маҳаллий қон айланишининг (тромб, эмболия, инфарқт, гангрена), шунингдек, тўқималар иннервациясининг бузилиши Некроз учун қулай шароит туғдиради. Некрозда ўзига хос ўзгаришлар ҳужайралар (ядро ва цитоплазма буришиб қолади) ва ҳужайралараро моддада кузатилади. Некроз атрофи ажралиб тушади (ҳужайра ядроси ва ци-топлазмаси бужмаяди) ёки йиринглаб ирийди; ҳужайра кемтиги ўрнида чан-дик пайдо бўлади. Некрознинг қуруқ ёки коагуляцион (ўлган ҳужайра қурийди), ҳўл ёки колликвацион (нобуд бўлган ҳужайра ирийди) хили ажратилади. Организмнинг бирор ерида Некроз вужудга келиши унинг умумий ҳолатига нохуш таъсир кўрсатади. Тана юзасидаги тўқималар Некрозга учраб ириганда, аксари уларда патоген микроблар кўпаяди. Шунинг учун ириган тўқималар жарроҳлик йўли билан олиб ташланади; 2)ўсимликларда — тўқима ёки органлар айрим қисмларининг нобуд бўлиши. Некроз пайдо бўлишига ноқулай физик, механик (музлаш, куйиш, шикастланиш ва б.) ва кимёвий таъсиротлар (ўсимликларни пуркалган ёки чангитилган препаратлардан куйиши) ёки микроорганизмлар билан касалланиш (барглардаги бактериал ва замбуруғли доғлар ва б.) сабаб бўлади. Некроз маҳаллий, шунингдек, ўсимликнинг умумий касалланишидан пайдо бўлиши мумкин. Мас, ғўза баргларидаги Некрозни патоген замбу-руғ (макроспориоз ва вилт) ёки бакте-риялар (гоммоз) вужудга келтиради.