НАВОИЙАЗОТ АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИ

«НАВОИЙАЗОТ» АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИ — Ўзбекистондаги йирик кимё саноати корхонаси. «Ўзкимёсаноат» давлат-акциядорлик компанияси таркибида. Навоий ш. да жойлашган. Корхонада ишлаб чиқариладиган асосий маҳсулот турлари: минерал ўғитлар, нитрон толаси, сирка кислотаси, тиомочевина, хлор ва хлор маҳсулотлари, каустик сода. Бундан ташқари, 70 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар, органик ва ноорганик кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Минерал ўғитлар, турли хил органик синтез маҳсулотлари ва акрил толаси (нитрон) и. ч. мақсадларида табиий газни қайта ишлашга ихтисослашган корхона сифатида қурилган. Табиий газ, ҳаво, каустик сода, ош тузи ва б. асосий и. ч. учун хом ашё бўлиб хизмат қилади.

3-д 1964 й. да Навоий кимё комбинати номи билан ишга туширилди. Шу йили кучсиз азот кислотаси и. ч. бўйича корхонада 1-агрегат фойдаланишга топширилди. 1965 й. дан аммиак корхона тўлиқ ҳажмда ишлашга ўтди.

Хом ашёдан комплекс фойдаланиш натижасида корхонада нитрон — «сунъий жун» толаси ишлаб чикарувчи з-д курилиб, 1971 й. да илк маҳсулот олинди. Шундан бери тўқимачилик, енгил ва б. саноат учун ўта муҳим ҳисобланган «сунъий жун» ишлаб чикарилади. 1965 — 75 й. ларда аммиак ва минерал ўғитлар и. ч. нинг 1—2—3навбатлари ишга туширилди. 2001 й. да Германиянинг «Лурги Хемниц ГмБХ» фирмасининг иштирокида қурилган ва энг замонавий ускуналар билан жиҳозланган хлор, ўювчи сода, хлор кислотаси ва натрий гипо-хлорит и. ч. йўлга қўйилди. Бирлашмада хлорни қайта ишлаб поливинилхлоридга айлантирган ҳолда каустик сода и. ч. бўйича 2-навбат цехини қуриш лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда.

«Навоийазот акциядорлик жамияти» а. ж. маҳсулотлари Россия, Эрон, Тожикистон, Украина, Буюк Британия, Нидерландия, Қозоғистон, Қирғизистон, АҚШ, Болгария давлатларига экспорт қилинади. Навоий кимё комбината 1975 й. да «Навоийазот» и. ч. бирлашмасига, 2002 й. да «Навоийазот» очиқ акциядорлик жамиятига айлантирилди. Корхонада 11 мингга яқин муҳандис-техник ходимлар ва ишчилар меҳнат қилади (2003).

Рихсивой Ёқубов.