НАВБАҲОР БЕНТОНИТ ГИЛ КОНИ

НАВБАҲОР БЕНТОНИТ ГИЛ КОНИ — Навоий вилояти Навбаҳор туманида, Жан. Нурота тизмасининг жан.-ғарбий ён бағрида. Қалқонота қишлоғидан 12 км шимолда жойлашган. Кон 1998 й. да А. У. Мирзаев ва X. Чиниқуловлар томонидан очилган ва разведка қилинган. Тасдиқланган захираси 7142,6 минг т. Бентонит гилларининг саноатбоп горизонтлари эоцен кесмасида жойлашган ва субкенглик бўйлаб 3 км масофага чўзилган асимметрик синклиналь бурманинг қанотларини ташкил этади. Конда гилнинг 3 тури: ишқорий ва ишкорий-ер бентонитлари ҳамда карбонатли полигорскитлар мавжуд. Уларнинг умумий қалинлиги 7—13 м.

Ишқорий бентонитлар кулранг, яшилроқ кулранг, ёғсимон. Сувда секин, аммо кучли шишади. Минерал таркиби, асосан, монтмориллонитдан иборат. Гилда қўшимча сифатида гидрослюда, кварц ва темир гидроксидлари учрайди.

Ишқорий-ер бентонитлари оч кулранг, ёғсимон. Сувда юпқа пластинкаларга тез ажралади, лекин, кам шишади. Жинс ҳосил қилувчи минераллари монтмориллонит ва гидрослюдадан иборат. Қўшимчалар сифатида палигорскит, кварц ва темир гидроксидлари учрайди.

Карбонатли палигорскит гиллари оч кулранг, деярли оқ. Чиғаноқсимон синишга эга, сувда парчаланмайди. Палигорскитмонтмориллониткальцитли полиминерал таркибига эга.

Бентонитлар нефть ва газ конларини қидириш ва разведка қилишдаги бурғилаш ишларида енгил ювувчи суюқлик сифатида, палигорскит гиллари эса туз ва иссиқлик агрессиясига чидамли суюқликлар тайёрлашда ишлатилмоқда. Бир тонна бентонит гилидан 12—14 м3 ювувчи суюқлик тайёрлаш мумкин. Пахта ёғи, вино ва мева шарбатларини тозалашда адсорбент сифатида фойдаланилмоқда. Ишқорий бентонитларни совун, лок-бўёқ, керамзит, дори препаратлари ва косметика воситалари и. ч. да, ичимлик суви, техник ва саноат оқова сувларини тозалашда ишлатиш мумкин. Навбаҳор бентонит гил кони қулай иқтисодийгеографик шароитга эга. Гил очиқ усулда қазиб олинмоқда.