НАРХ ШАКЛЛАНИШИ

НАРХ ШАКЛЛАНИШИ — товарлар ва хизматларга белгиланган яарснинг бир қатор омиллар таъсирида юзага келиши жараёни. Умумий маънода — Н. ш. га давлат органлари (солиқ, кредит ва иқтисодий сиёсатнинг бошқа кўринишлари орқали) ҳамда иқтисодий фа-олият субъектларининг ўзлари таъсир кўрсатади. Тор маънода — фирмаларнинг ўз нарх стратегиясини ишлаб чиқиши. Нарх шаклланишининг 3 асосий — эркин, маъмурий ва аралаш типлари мавжуд. Эркин Нарх шаклланиши талаб ва таклиф асосида юзага келади. Барча товарлар ва хизматлар нархларининг бевосита маъмурий белгиланиши маъмурий, эркин ва маъмурий Нарх шаклланишининг турли нисбатларда қўлланилиши аралаш Нарх шаклланиши деб юритилади. Нарх шаклланиши жараёни товар ишлаб чиқарувчи фирмадан бошланиб, бозор нархи ўрнатилгач, тугалланади.

Нарх шаклланишининг бозор реал шароитига асосланган 5 асосий қоидаси мавжуд; харажатларни қоплаш қоидаси — нарх даражаси товарлар сотилганда фирманинг товарларни и. ч. ва сотиш харажатлари тўла қопланиб, тадбиркорга минимал фойдани таъминлаши керак. Агар бу қоида амал қилмаса, фирма зарар кўради ёки тадбиркор хеч бир даромад олмай ўз ишини тўхтатади. Харажатларни қоплаш зарурати нархнинг энг қуйи чегарасини белгилайди ва нархнинг бундан паст бўлиши иқтисодиёт учун мақбул эмас; фойдани максималлаштириш қоидаси — нарх ўртача харажатлардан юқори қилиб белгиланиши, товар шу нарх билан сотилганда иқтисодий фойда олиниши керак. Фирма ўз товарига нарх қўйганда фойдани максималлаштиришни мўлжаллайди. Фойдани максималлаштирувчи нарх, одатда, монополлашган бозорда амал қилади; ра-қобатда енгиш қоидаси — белгиланган нарх даражаси харидорларни ўзига оғдириб, рақибни бозордан си-қиб чиқариш имконини бериши зарур. Бунинг учун оддий товарлар нархи вак,-тинча паст белгиланади, фойда камаяди, лекин йўқотилган фойда рақобатда енгиш учун хизмат қилади. Мазкур қоида нуфузли товарлар нархини юқорироқ белгиланишини билдиради, чунки уларнинг харидорлари пулдор табақа ҳисобланади; пешқадамлик қоидаси — турдош (ўринбосар), яъни бир хил эҳтиёжни қондирувчи товарлар нархи пешқадам фирма белгилаган нархга биноан шаклланади. Бошқа фирмалар нархни пешқадам нархини мўлжалга олиб унга яқин қилиб белгилайди. Бу қоида одатда олигополия бозорида амал қилади. Бундай бозорда фирмалар озчилик бўлиб нархларни бир-бирига яқин белгилаган ҳолда, асосан, сифат ва сервис билан рақобатлашади.

Нарх қуйи ва юқори чегара оралиғида шаклланади. Агар қуйи чегарани харажатларни қоплаш зарурати белгиласа, юқори чегарани истеъмолчиларнинг харид қобилияти белгилайди. Нарх юқори чегарадан чиқиб кетса харидорларнинг пули етмай, товарлар сотилмайди, қуйи чегарадан паст бўлса фирмалар зарарга учраб, ёпилиб кетади. Нарх шаклланишининг энг муҳим талаби унинг бозор шароитига мосланиши ва ўзгарувчан бўлишидир. Нарх белгилашга давлатнинг аралашуви бозор қоидаларига зид. Шу сабабли давлат бозор нархларини эркинлаштириб, бозор қоидасидан ташқарида юзага келадиган моно-пол нархларни чегаралаб туради.

Аҳмаджон Ўлмасов.