НАМАНГАН НЕФТЬ КОНИ

НАМАНГАН НЕФТЬ КОНИ — Наманган ш. нинг шим.-шарқида, Наманган антиклиналь бурмасида жойлашган. Наманган структураси дастлаб 1933 й. да ўрганилган. Кейинги йилларда ўтказилган тадқиқотлар натижасига асосланиб чуқур бурғи қудуғи қазилди. Палеоген ётқизиқларининг доломитлашган оҳак-тошлардан тузилган туркистон қатламларидаги 5-горизонтда нефть борлиги тасдиқланди. Умумий қалинлиги 10 м, самарали қалинлиги 3—4 м, ўртача ғоваклиги 10%, ўтказувчанлиги 30 — 100 миллидарсигача. Горизонтнинг ўртача чуқурлиги 3630 м, уз. 5,4 км, эни 3,6 км. Бошланғич қатлам босими 600 атмосфера, газ омили 180 м3/т.

Нефтнинг зичлиги 0,856 г/см3. Таркибидаги олтингугурт 0,30%, кокс 3,4%, парафин 5,0%, қатронлар 8% ни ташкил этади. Қатлам ҳарорати 87°, енгил фракциялар чиқиши 100°да 3%, 200° гача 23% ва 300° гача 41%. Нефтдаги йўлдош газ зичлиги 0,955 (азот миқ-дори 3,0% гача ва метан 63,9%). Катлам сувларининг зичлиги 1,060 г/см3, минераллашганлиги 4708 мг/экв.