НАИМ САИД

НАИМ САИД, Саидов Наим (1902, Қўқон – 1939.2.6, Тошкент) – журналист ва таржимон. Қўқондаги Мадраса, «янги усул» ва «Намуна» мактабларида таҳсил кўргач, Москвага бориб, дастлаб ишчилар ф-ти (1923—24), сўнгра давлат журналистика ин-ти (1925—28) да ўқиган: Тошкентга қайтгач, «Қизил Ўзбекистон» (1928—30) газ. муҳаррири ўринбосари, сўнг «Янги Фарғона» газ. масъул муҳаррири (Кўқон, 1930—31), Ўздавнашр бош муҳаррири (1931 — 33) булиб ишлаган. Наим Саид таржимонлик фаолиятида ўзбек тилига русча сўз ва атамаларни олиб кириш ва ўзбек тилининг шу асосда руслаштирилишига қарши она тилининг софлиги учун курашган. Айни пайтда у араб ёзувидан лотин ёзувига ўтиш жараёнида халқ оммаси саводсиз бўлиб қолмаслиги учун «Катталар учун алифбо», «Саводсизлар учун алифбо», «Чала саводлилар учун алифбо», «Кўрлар учун алифбо» (1929—30), «Саводсизлар учун ўқиш китоби» (1936) сингари ўқув қўлланмаларини яратган. 20—30-й. лар ўзбек матбуотида фаол иштирок этган. Наим Саид «Миллий иттиҳод» ташкилотига аъзо бўлганлик ва ёшлар ўртасида миллатчилик кайфиятини тарқатганликда айбланиб ҳибсга олинган (1938.30.1) ва қамоқхонада вафот этган.