НАБОКОВ Владимир Владимирович

НАБОКОВ Владимир Владимирович [асл номи; тахаллуси Сирин; 1899.10(22).4, Петербург – 1977.2.7, Швейцария] — рус ёзувчиси. Инглиз тили ва маданиятига ихлосманд бой дворян оиласида дунёга келган. Бир неча Европа тилларини мукаммал билган Набоков 1914—17 й. ларда отасининг маблағи ҳисобига илк шеърий тўпламларини чоп этган. 1919 й. да Англияга бориб, Кембриж ун-тида таҳсил кўради, 1922 й. эса Берлинга кўчиб ўтади. Набоков шу ерда рус муҳожирларининг «Руль» газ. да, шунингдек, «Замонавий битиклар» жур. (Париж) да Сирин (жаннат қуши) тахаллуси остида шеър ва ҳикояларини эълон қилади. «Машенька» (1926) романи ва ундан кейинги «Чорбанинг қайтиши» (1928) лирик новеллалари, машҳур шахматчининг ҳаёт фожиасига бағишланган «Лужин ҳимояси» (1930) қиссаси ва б. асарлари Набоковга шуҳрат келтиради. Набоков рус тилида 9 роман («Қирол, дама, валет», «Истеъдод» ва б.), бир қанча пьеса («Ўлим», «Воқеа», «Вальснинг кашф этилиши» ва б.), ҳикоя ва шеърлар ёзган. Унинг ижодий услубида мистификация, турли-туман ўйинлар, хаёлот ва алаҳсирашлар, пародиялар, кутилмаган сюжет қурилмалари устуворлик қилади. Набоков 1940 й. да АҚШга кўчиб бориб, асосан, инглиз тилида ижод этган. «Себастиан Найтнинг чинакам хаёти», «Ада», «Нурсиз олов», «Лолита», «Ёрқин нарсалар»,«Арлекинларга бир қара!» сингари романлари, «Евгений Онегин»нинг таржимаси ва Пушкин асарига ёзган 3 жилдли изоҳлари Набоков адабий меросининг асосий қисмини ташкил этади.

Ас: Машенька, Защита Лужина. Приглашение на казнь. Другие берега, М., 1988; Лолита, М., 1989.