ҲУҚУҚИЙ МАСЛАҲАТЧИ

ҲУҚУҚИЙ МАСЛАҲАТЧИ, юри дик маслаҳатчи (ЎзРда) — ташкилотнинг ҳуқуқий хизмат ходими. У давлат ҳокимияти ва бошқаруви олий органларининг, республика ҳамда маҳаллий давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликларининг, шунингдек корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг юридик (ҳуқуқий) хизматини амалга оширади. Ҳуқуқий маслаҳатчи зиммасига маъмурият томонидан чиқариладиган буйруқ, фармойишларнинг ҳамда бошқа ҳуқуқий мазмундаги ҳужжатларнинг қонунийлигини назорат қилиш; бошқа хўжалик юритувчи субъектлар билан шартнома ва битимлар тузишда иштирок этиш; ходимлар ҳамда хизматчиларга амалдаги қонунчилик тўғрисида ахборот бериш, уларга \уқуқий ёрдам кўрсатиш; судларга даъвогар ёки жавобгар сифатида иштирок этаётган ташкилот (муассаса) ларнинг ишини юритиш; ташкилот (му. ассаса) ходими судланувчи ёки жабрланувчи тариқасида жалб қилинган ҳолларда дастлабки тергов ва судда жамоат айбловчиси ёки жамоат ҳимоячиси сифатида иштирок этиш юкла-тилган. Олий юридик маълумотга эга бўлган шахс бошқарув органларида ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар корхона, муассаса ҳамда ташкилотларда юридик маслаҳатчи бўлиб ишлаши мумкин. Вазирлик, давлат қўмитаси, идора ва республиканинг бошқа бошқарув органи юридик бўлинмасининг бошлиғи ёки юридик маслаҳатчиси ла-возимини эгаллаш учун камида 5 йиллик юридик маслаҳатчи иш тажрибасига эга бўлиш зарур. Юридик масла-ҳатчилар 5 йилда 1 марта Адлия вазирлигида, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигида, вилоятлар ва Тошкент ш. адлия бошқармаларида қайта тайёрлаш ва аттестациядан ўтадилар. Ёш мутахассислар ва ҳомиладор аёллар аттестациядан ўтказилмайди. Ҳуқуқий маслаҳатчи аттестациядан ўта олмаса, у 6 ой муд-датдан сўнг яна қайта тайёрлаш ва аттестациядан ўтиш учун юборилиши мумкин. Юридик маслаҳатчига ҳуқуқий ишларга тааллуқли бўлмаган бошқа ишларнинг юклатилишига йўл қўйилмайди. Мансабдор шахслар томо-нидан юридик маслаҳатчига юклатилган вазифаларни бажаришга ва унга берилган ҳуқуқлардан фойдаланишга қаршилик кўрсатилса ва бу қонунчиликнинг бузилишига ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфа-атларига зарар етказилишига олиб келса, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва унинг органлари тақдимномаси бўйича айбдор мансабдор шахслар юридик жавобгарликка тортиладилар.